Ўзбекистонда ҳам коронавирусга ўхшаш вирус тарқалдими?

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда дунёнинг қатор мамлакатлари бўйлаб метапневмовирус инфекцияси авж олаётгани ҳамда ушбу хасталик COVID-19'дан ҳам хавфлироқ экани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий маълумот берди.

Қайд этилишича, мазкур вирус билан хасталаниш ҳолатлари дунёнинг барча минтақаларида ҳар йили қайд этилади. Метапневмовируснинг куз-қиш даврида янада фаоллашуви кузатилади. Бу инфекция одатда бурун оқиши, йўтал ва иситма белгилари билан, худди ўткир респиратор вирусли инфекциялар шаклида пайдо бўлади, баъзи ҳолларда бронхиолит ва пневмонияни келтириб чиқаради. Касалликни даволаш одатда симптоматик бўлиб, асосан уй шароитида беморнинг аҳволини енгиллаштиришга қаратилган муолажалар қўлланади. Оғир ҳолатларда кислородли терапия ёки касалхонага ётқизиш талаб қилиниши мумкин. Метапневмовирус билан касалланган одамларнинг аксарияти асоратсиз тузалиб кетади.

Ўзбекистонда ҳам айни вақтда ўткир респиратор инфекцияларнинг мавсумий кўтарилиши кузатилмоқда. Республикада уларнинг лаборатория текширувлари мунтазам амалга ошириб келинмоқда ва ана шундай текширувларнинг 39,9 фоизида грипп вируси, 32,2 фоизида риновирус, 30,6 фоизида респиратор-синцитиал вирус ва 1,2 фоизида метапневмовирус аниқланган.

“Ўткир респиратор касалликларнинг бундай кўтарилиши даврида аҳолини профилактика чораларига риоя қилишга ва одамлар гавжум жойларда, айниқса, касаллик белгилари яққол намоён бўлиб турган фуқаролар билан мулоқотни чеклашга чақирамиз”, дейилади вазирлик хабарида.

Санитария-эпидемиология қўмитаси берган хабарга кўра, метапневмовирус биринчи марта 2001 йилда аниқланган. Ушбу респиратор инфекцияларнинг сўнгги лаборатор таҳлиллари натижасига кўра: 36,9 фоизда грипп вируси, 30,2 фоизда риновирус, 28,6 фоизда респиратор-синцитиал вирус, 1,2 фоизда метапневмовирус ва 3,1 фоизда бошқа вируслар аниқланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ хитойлик шифокорлар мамлакатда инсон метапневмовируси (hMPV) тарқалишини қайд этганди. Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган хабарга кўра, мамлакатда 30 киши Хитойда тарқалаётган вирусга чалинган. Санитария-эпидемиология назорати қўмитасининг аниқлик киритишича, эпидемия мавсуми бошидан буён республика бўйича гриппдан ташқари вирусларга 8360 та намуналар текширилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Метапневмовирус

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар