Тўқаев Хитойда Си Цзиньпин билан учрашди

Олам

image

Бугун, 30 август куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан музокаралар ўтказди. Томонлар Қозоғистон-Хитой муносабатларини муҳокама қилган. Бу ҳақда Оқўрда матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, учрашув давомида Қосим-Жомарт Тўқаев Тяньцзинь шаҳрида кўрсатилган самимий меҳмондўстлик учун Си Цзиньпинга миннатдорлик билдирган. У Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитида иштирок этиш таклифини мамнуният билан қабул қилганини таъкидлаган.

“Қозоғистон мамлакатингизнинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотидаги раислигини тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва унинг кенг кун тартибини илгари суришда фаол иштирок этади. Сизни Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги ва Хитойнинг япон милитаризми устидан қозонган ғалабасининг 80 йиллиги билан табрикламоқчиман. Барча Хитой халқининг фашизм устидан ғалабага қўшган улкан ҳиссаси, мислсиз жасорати, чин ватанпарварлиги ва букилмас иродаси, албатта, чуқур ҳурмат ва умумий эътирофга лойиқдир”, дейди Тўқаев.

Қозоғистон Президентининг айтишича, Си Цзиньпиннинг фаол қўллаб-қувватлаши туфайли абадий ҳар томонлама стратегик шериклик даражасидаги Қозоғистон-Хитой муносабатлари мисли кўрилмаган даражада ривожланмоқда. Ўтган йили икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми 44 миллиард долларга етган.

“Ижобий динамика жорий йилда ҳам сақланиб қолмоқда. Хитой Қозоғистоннинг энг йирик савдо ҳамкори ҳисобланади. Йирик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш давом этмоқда. Ташриф доирасида Қозоғистон-Хитой бизнес кенгаши йиғилишида иштирок этишни ва Хитойнинг бир қатор йирик компаниялари раҳбарлари билан учрашишни режалаштиряпман. Шунингдек, 2025 йил Қозоғистонда Хитой туризми йили сифатида ўтаётгани қувонарлидир. Маданий-гуманитар алоқалар учун қулай шароит яратилмоқда. Ёрқин мисоллардан бири – Қозоғистонда иккинчи ва учинчи Лубан устахоналари очилиши. Пекинда Қозоғистон маданият марказини очиш қарорингиз учун сизга катта миннатдорлик билдираман”, дея қўшимча қилган Тўқаев.

ХХР Раиси Си Цзиньпин эса миннатдорлик билдирган. Унинг сўзларига кўра, Пекин Қозоғистон-Хитой абадий ҳар томонлама шериклигини янада чуқурлаштиришга катта аҳамият беради.

“Икки ой ичида бу бизнинг иккинчи учрашувимиз бўлиб, Хитой-Қозоғистон муносабатларининг юқори даражаси ва ўзига хослигини тўлиқ намоён этади. Сизнинг раислигингизда “Хитой-Марказий Осиё” иккинчи саммити муваффақиятли ўтказилди. Биз Хитой-Марказий Осиё ҳамкорлигининг руҳини белгилаб берган ва янги боб очган муҳим ҳужжатларни имзоладик. Шунингдек, Хитой-Қозоғистон муносабатларида янги стратегик келишувларга эришиб, икки томонлама алоқаларга кучли туртки бердик.

Хитой ва Қозоғистонни халқаро вазият қандай ўзгармасин, ўзаро тушуниш ва ишончга асосланган стратегик шериклик боғлайди. Ҳар иккала мамлакат дўстлик ва қўшничилик, очиқлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик, шунингдек, ягона тақдир ҳамжамиятини барпо этиш тамойилларига содиқ қолмоқда. Биз асосий манфаатларимиз ва муҳим масалаларда бир-биримизни қўллаб-қувватлашга, шунингдек, ҳар томонлама ҳамкорликни доимий мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга тайёрмиз”, дейди Си Цзиньпин.

Музокаралар давомида савдо-иқтисодий, инвестицион ва маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш йўллари муҳокама қилинган. Транспорт ва логистика, энергетика, рақамлаштириш ва сунъий интеллект, қишлоқ хўжалиги соҳаларида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва товар айирбошлаш ҳажмини ошириш муҳимлиги алоҳида таъкидланган.

Давлат раҳбарлари минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашган.

Маълумот учун, бугун, 30 август куни Қосим-Жомарт Тўқаев Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Тяньцзиньга ташриф буюрди. Дастур жорий йилнинг 30 августидан 3 сентябригача режалаштирилган.

Қайд этиш жлиз, жорий йилнинг 16 июнь куни Си Цзиньпин Қосим-Жомарт Тўқаевнинг таклифига биноан Остона шаҳрига ташриф буюрган эди. Ўшанда томонлар музокара ўтказган, Тўқаев Си Цзиньпинни туғилган куни билан табриклаб, ташрифнинг рамзий аҳамиятини таъкидлаган.

Музокаралар якунида ҳукуматлараро ва идоралараро 24 та ҳужжат имзоланган. ХХР Раиси Си Цзиньпин Оқўрдада кўрсатилган самимий меҳмондўстлик учун Қозоғистон Президентига миннатдорлик билдирган эди.

Остонада, шунингдек, “Марказий Осиё-Хитой” иккинчи саммити ҳам бўлиб ўтган. Унда олти мамлакат Президентлари, жумладан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қатнашганди. Саммит давомида Қосим-Жомарт Тўқаев қўшни давлатнинг ядро энергетикасини ривожлантиришдаги муваффақиятли тажрибасини тилга олган. Шунингдек, Хитойдан Марказий Осиё мамлакатларига юк ташиш ҳажмининг ортиб бораётганини айтиб, Каспий денгизида терминал қуришни таклиф қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Си Цзиньпин Қосим-Жомарт Тўқаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг