Тўқаев Германия Президентини қабул қилди
Олам
−
20 Июнь 2023
3891Кеча, 19 июнь куни Германия Президенти Франк-Валтер Штайнмайер Қозоғистонга келди. Бу ҳақда “Казинформ” хабар берди.
Остона аэропортида олий мартабали меҳмонни Қозоғистон Бош вазири Алихан Смоилов кутиб олган. Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев эса хорижлик мавқедошини Оқўрданинг катта залида қаршилаган. Анъанага кўра, мартабали меҳмоннинг ташрифи шарафига тантаналар залида фахрий қоровул саф тортган.
Президент оркестри икки давлат мадҳияларини ижро этган. Қосим-Жомарт Тўқаев ва Франк-Валтер Штайнмайер гилам бўйлаб Қозоғистон Республикаси Давлат байроғигача борган. У Германия делегацияси Қозоғистон Вазирлар Маҳкамаси вакиллари билан ҳам танишган. Шундан сўнг эса икки давлат раҳбарларининг тор доирадаги музокараси бошланган.
Тўқаев ва Штайнмайер Қозоғистон-Германия стратегик шериклигининг ҳолати ва ривожланиш истиқболларини муҳокама қилган. Томонлар сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, сармоявий, энергетика, транспорт-логистика соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратган.
Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантириш доирасида ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш, нефть ва газ, “яшил” энергетика ва саноат соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланган.
Шунингдек, икки давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашган. Қозоғистон Президенти матбуот хизматига кўра, яккама-якка музокаралар дўстона руҳда, конструктив ва мазмунли ўтган.
Маълумотларга кўра, 21 июнгача давом этувчи ташриф давомида Президент Штайнмайер Қозоғистон ва Германия университетлари ректорлари форумида нутқ сўзлаши, Қосим-Жомарт Тўқаев билан биргаликда Қозоғистон-Германия бизнес-форуми ишида иштирок этиши, Мангистау вилоятига бориши ва у ерда Қозоғистон-Германия муҳандислик институтининг очилиши ҳамда Швеция ва Германиянинг Svevind компаниясининг яшил водород ишлаб чиқариш заводида синов бурғулаш ишларини бошлаш маросимида қатнашиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Штайнмайер Қозоғистондан сўнг, 21-23 июнь кунлари Қирғизистонда ҳам бўлиб, у ерда Президент Садир Жапаров билан музокаралар ўтказиши маълум бўлганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь