Туғуруқхонада вафот этган аёл воқеаси бўйича муносабат билдирилди
3-саҳифа
−
08 Апрель
26380Аввалроқ Оҳангарон шаҳар тиббиёт бирлашмасининг туғуруқ бўлимида 32 ёшли ҳомиладор аёл вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги муносабат билдирди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 3 апрель куни соат 02:45 да 1992 йилда туғилган Х.А. қорин ва белдаги оғриқ билан Оҳангарон шаҳар тиббиёт бирлашмаси туғуруқ бўлимига “Ҳомиладорлик 4, 39 ҳафта туғуруқ, 3 туғуруқнинг 1 даври, латент фазаси, семизлик 3 даража” ташхиси билан қабул қилинган. Бемор шифокорлар назорати остида бўлган.
4 апрель куни соат 14:10 да аёлнинг тўсатдан аҳволи оғирлашиб, ҳаво етишмаслиги ва юрак соҳасида оғриқ билан нафас олиши қийинлашган.
Шундан сўнг, зудлик билан реаниматолог иштирокида беморда зарур реанимацион чоралар амалга оширилган. Бироқ шунга қарамай, соат 14:35 да аёлда биологик ўлим ҳолати кузатилган.
Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, беморнинг ўлимига юрак ишемик касаллиги, ўткир коронар етишмовчилиги, юрак мушакларининг гипертрофияси ва ўткир миокард инфаркти сабаб бўлган.
“Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Якуний хулосалар бўйича жамоатчиликка қўшимча маълумот берилади”, дейилади вазирликнинг расмий муносабатида.
LiveБарчаси