ТТЗгача ерусти метроси қурилади
Жамият
−
19 Май
4438Тошкент метрополитенини Тошкент трактор заводи даҳасигача олиб бориш режалаштирилган. Лойиҳани 2 босқичда амалга ошириш назарда тутилмоқда. Бу ҳақда бугун, 19 май куни Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган Тошкент метрополитенини ривожлантириш бўйича режадаги лойиҳалар юзасидан ахборотда маълум қилинди.
Бу бўйича ўтган аввалги муҳокамаларда Президент лойиҳани маблағ ва қулайлик жиҳатидан мақбуллаштириш вазифасини қўйган эди. Шу асосида тайёрланган янги таклифга кўра, лойиҳани 2 босқичда амалга ошириш назарда тутилмоқда. Биринчи босқичда Чилонзор йўлининг Пушкин бекатидан Мирзо Улуғбек туманининг Феруза даҳасигача мавжуд темирйўлга параллел равишда ер юзаси бўйлаб метро йўли қурилади. Иккинчи босқичда у ердан Тошкент трактор заводи даҳаси шоҳ бекатигача йўналиш барпо этилади.
Ҳозирги кунда шу томондан пойтахт марказига бир кунда 47 мингта автотранспорт, жами 194 мингта йўловчи кириб келиши кузатилмоқда. Режалаштирилган янги йўналиш 85 минг йўловчини қамраб олиши кутилмоқда.
Тақдимотда лойиҳанинг техник ва амалий жиҳатлари батафсил кўриб чиқилди.
Қайд этиш жоиз, пойтахт жамоат транспортида метрополитеннинг ўрни жуда катта. Йўловчиларга қулайликларни ошириш мақсадида янги йўналишлар қурилмоқда. Юнусобод йўли Туркистон бекатигача, Чилонзор йўли Сергели туманигача узайтирилди. Давлат раҳбари ташаббуси билан Тошкентда ерусти метроси ҳам пайдо бўлди – Дўстлик бекатидан Сергелигача бўлган ерусти ҳалқаси барпо этилди. Бу янги йўналишлар пойтахтимизнинг Юнусобод, Яшнобод, Бектемир, Миробод, Сергели ва Янгиҳаёт туманларини боғлаб, аҳолининг кундалик қатновига катта қулайлик яратди.
Эслатиб ўтамиз, Президент март ойида танишган олдинги лойиҳага кўра, Буюк ипак йўли метросидан Тошкент трактор заводи даҳасигача 10 та бекат қурилиши назарда тутилаётганди. Бу тармоқ 30 та маҳалла, 148 минг аҳолини қамраб олиши айтилганди.
LiveБарчаси