Троллар фабрикаси фаолиятига қонуний тус бериладими?

Жамият

image
Алламжонов матбуотга босим, таҳдид ва адолатсизлик ҳамон борлигини айтди north_east

Алламжонов матбуотга босим, таҳдид ва адолатсизлик ҳамон борлигини айтди

Жорий йилнинг 10 апрель куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ички ишлар вазирлиги томонидан "Вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ижтимоий тармоқларда ушбу қарор лойиҳасининг бир банди қизғин муҳокамага сабаб бўлмоқда. Лойиҳанинг "Йўл харитаси"даги 9-бандида ватанпарвар блоггерлар виртуал гуруҳини ташкил этиш кўзда тутилган. Виртуал гуруҳнинг вазифаси этиб тармоқдаги салбий фикрларни аниқлаш ва ёшларни ушбу фикрлар таъсирига тушиб қолишдан ҳимоя қилиш белгиланган.

"Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи аъзолари, Тошкент ахборот технологиялари университети талабалари ва кўнгилли ёшлар иштирокида ватанпарвар блогерлар виртуал гуруҳини ташкил этиш, улар ёрдамида ижтимоий тармоқлардаги салбий фикрларни аниқлаш ҳамда тармоқ фойдаланувчиларини уларнинг таъсир доирасига тушиб қолишларининг олдини олиш мақсадида билдирилаётган салбий фикрларга муросасизлик муҳитини яратиш", дейилади қарор йўл харитасининг 9-бандида.

Юқоридаги банддаги тадбир 2020 йилнинг 1 майдан бошлаб амалга оширилиши таъкидланган. Ушбу бандда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ҳамда Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги масъул ижрочилар сифатида белгилаб қўйилган.

Ушбу вазият, беихтиёр бизга Жорж Оуреллнинг "1984" китобидаги  бир сюжетни эсга солади. Китобда ёзилишича, ҳар бир фуқаронинг ҳаракати ва сўзлари Фикр полицияси томонидан назорат қилинади. Салбий фикр юритган мамлакат фуқароси эса жиноий жавобгарликка тортилади. 

Тўғри, юқоридаги бандда жавобгарлик ҳақида ҳеч қандай сўз бормаган. Лекин ушбу қарор билан фикр эркинлиги худди китобдагидек чекланмаяптими? Келажакда салбий фикр юритган ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига босим бўлмаслигига ким кафолат беради? Умуман олганда қандай фикрлар салбий фикр деб ҳисобланади? Ва нима учун ушбу гуруҳни тузишда ватанпарварликка алоҳида урғу берилган? Услида ватанпарварликни ўлчаш мумкин бўлган тарози борми? Бирор ўзгариш ёки янгиликка нисбатан ўз эркин фикрини билдирган фуқаро ватанпарвар бўлмайдими? 

Мазкур қарор лойиҳасига нисбатан блогер ва ҳуқуқшунос Хушнубдек Худойбердиев ҳам муносабат билдирди: 

“Ажойиб, шундай эмасми? Троллар фабрикасига шон-шарафлар бўлсин!!!

Изоҳ: мазкур ҳужжат лойиҳаси бўйича Ёшлар иттифоқи раиси Алишер Саъдуллаев билан боғландим, унинг айтишича Иттифоқнинг ушбу лойиҳани ишлаб чиқишга мутлақо алоқаси йўқ, улар кеча бу бандни расман рад этган ҳамда лойиҳадан чиқариб ташлашни сўрашган”, деб ёзади блогер.


Мақола муаллифи

Теглар

Сўз эркинлиги Троллар фабрикаси

Баҳолаганлар

93

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг