Требл учун кураш ва мавсумни қутқариш илинжи. Бугун “Эль класико” бўлади
Спорт
−
26 Апрель
4620Бугун, 26 апрель куни Испания кубоги финалида “Барселона” ва “Реал Мадрид” ўзаро тўқнаш келади. Кеча, 25 апрель куни эса VAR ҳаками сабаб ўйин бекор бўлиш хавфи остида қолган эди. Аммо ҳаммаси жой-жойига тушди ва баҳс ўтказилиши ойдинлашди.
Требл сари одимлаётган “Барселона”
Каталониянинг “Барселона”си жорий мавсумда требл қайд этиши мумкин бўлган клублардан бири. Чунки ПСЖ клуби мамлакат чемпиони ҳисобланади ва кубок учун ҳам асосий даъвогарлардан бири. Чемпионлар лигасида эса парижликлар “Арсенал”га қарши ярим финалда дуч келади. Шу сабаб билан каталонияликлар азалий рақибига қарши жиддий қаршилик кўрсатиб, совринга эга чиқишга интилади. Қолаверса, клуб Европа Чемпионлар лигасида ҳам юришини давом эттирмоқда. Клуб ярим финалда Италиянинг “Интер”ига қарши майдонга тушади. Ла Лигада эса асосий рақобатчиси “Реал Мадрид” билан орадаги фарқ 4 тани ташкил этади ва чемпионат тақдирини ҳал қилувчи ўйин 11 май куни бўлиб ўтадиган “Эль класико”да ҳал бўлади. Шундай экан, Ханси Флик шогирдлари учун требл сари ҳар бир ўйин финалдек ўтади.
“Реал”нинг эришиши мумкин бўлган ягона соврин
Мадрид клуби Европа Чемпионлар лигаси доирасида “Аресенал”га имкониятни бой бериб қўйган ҳолда мусобақани тарк этди. Ла Лигада ҳам асосий рақобатчиси “Барселона”дан 4 очко орқада. Ҳа, имкон бор, аммо қийин бўлади. Шу сабаб “қироллик клуби”нинг бор эътибори Испания кубогига қаратилса ажаб эмас. Чунки ушбу соврин жамоа раҳбариятини анча-мунча хурсанд қилиши тайин. Қолаверса, кубок қўлга киритилса, мадридликлар устози Карло Анчелотти жамоада қолиш эҳтимолини келтириб чиқаради. Шундай экан, бугунги баҳс ҳар томонлама Мадрид клуби учун муҳим саналади.
Икки жамоа таркибидаги муҳим йўқотишлар
Ҳар иккала клуб ҳам мазкур тўқнашувга муҳим йўқотишлар билан келмоқда. Айниқса, “Барселона”. Сабаби жамоа сафида Роберт Левандовски, Алехандро Бальде каби асосий таркиб ўйинчилари азалий рақибга қарши баҳсни жароҳат сабаб ўтказиб юборади. Асосий ҳужумчининг йўқлиги жамоа ўйинига таъсир қилиши тайин. Аммо Флик тажрибали мураббий ва Левандовски ўрнига кимни майдонга туширишни ва муаммони қандай бартараф этишни билади. Лекин ҳимоячи бўлганда ҳам қанот ҳимоячининг йўқлиги катта муаммоларни чиқариши мумкин. Сабаби мадридликлар қанот ҳужумидаги икки футболчи жуда тез ва тажрибали. “Барселона”да эса чап қанотда ўйнай оладиган Жерар Мартин бор холос.
“Реал Мадрид” сафида эса асосий таркиб ўйинчиларидан Эдуардо Камавинга жароҳат олган ва бу баҳсни ўтказиб юборади. Шунингдек, ҳимоячи Давид Алаба ҳам ўтказиб юбориш эҳтимоли бор, аммо қайдномага киритилди. Бироз олдин чиққан хабарларга кўра, жамоа ҳужумчиси Килиан Мбаппе тўпиғидан жароҳат олган ва ўйинни ўтказиши сўроқ остида. Лекин “Реал”да бу йўқотишларни ўрнини босадиган футболчилар талайгина топилади. Тўғри, Мбаппе тушмаса, жамоага қийин бўлиши мумкин, аммо Анчелотти ўта тажрибали мураббий ва бу ўйинда ҳам шогирдларини ғалаба учун майдонга олиб тушади.
Тахминий таркиблар
“90 min”, “Sportsmole” каби нашрлар ушбу учрашув учун тахминий таркибларини эълон қилди.
“90 min” талқинига кўра “Барселона” таркиби:
Шенсни, Кунде, Кубарси, Мартинес, Форт, Де Йонг, Педри, Ольмо, Ямаль, Рафинья, Торрес.
“Реал” таркиби:
Куртуа, Вальверде, Асенсио, Рюдигер, Менди, Модрич, Чуамени, Родриго, Беллингем, Винисиус, Мбаппе.
“Sportsmole” талқинига кўра, “Барселона” таркиби:
Шенсни, Кунде, Кубарси, Мартинес, Мартин, Де Йонг, Педри, Фермин, Ямаль, Рафинья, Торрес.
Маълумот ўрнида, “Барселона” – “Реал Мадрид” ўртасидаги ўйин 27 апрелга ўтар кечаси Тошкент вақти билан 01:00 да старт олади.
LiveБарчаси