Трампнинг одами бугун Ғазога боради

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф ва АҚШнинг Исроилдаги элчиси Майк Хакаби бугун, 1 август куни Ғазога бориб, ёрдам тарқатиладиган жойларни кўздан кечиради ва ғазоликлар билан учрашади. Бу ҳақда кеча, 31 июль куни Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт маълум қилди.

Маъмурият расмийларининг қамал остидаги Ғазо секторига режалаштирилган сафари глобал миқёсда ҳам, MAGA доиралари ичида ҳам Ғазодаги вазиятга аралашиш учун босим кучайиб бораётган бир пайтда, шунингдек, сентябрь ойида бўлиб ўтадиган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси йиғилиши олдидан Фаластин давлатчилигини қўллаб-қувватлашни режалаштирган АҚШ иттифоқчиларининг бир қатор декларациялари фонида содир бўлди.

“Эртага махсус элчи Уиткофф ва элчи Хаккаби жорий тарқатиш жойларини текшириш ва кўпроқ озиқ-овқат етказиб бериш режасини таъминлаш учун Ғазога боради ва бу даҳшатли вазият ҳақида биринчи қўлдан эшитиш учун маҳаллий ғазоликлар билан учрашади”, деди Ливитт матбуот брифингида.

Ливиттнинг сўзларига кўра, Уиткофф ва Хакаби кеча, 31 июль куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан “жуда самарали учрашув” ўтказган ва улар Ғазога озиқ-овқат ва ёрдам етказиб беришни муҳокама қилган.

“Уиткофф ва Хакаби ташрифидан сўнг Президент Дональд Трампга минтақага озиқ-овқат ва ёрдам тарқатиш бўйича якуний режани тасдиқлаш учун маълумот беришмоқчи”, деди Ливитт.

Ўтган ҳафта охирида халқаро ёрдам ташкилотлари Ғазода яшовчи 2,1 миллионга яқин фаластинлик очлик хавфига дуч келганидан сўнг, Исроилнинг ёрдамни тўсиб қўйгани ҳақидаги глобал норозилик қайноқ нуқтага етди. 28 июль куни Трамп вазиятнинг оғирлигини тан олди ва журналистларга “ҳақиқий очлик” борлигини айтди. Шундай бўлса-да, Трамп Фаластин давлатчилигини қўллаб-қувватлаш таклифларини рад этди ва 31 июль куни “Ғазодаги гуманитар инқирозни тугатишнинг энг тезкор йўли – ҲАМАСнинг таслим бўлиши ва гаровга олинганларни озод қилишидир!!!” деган хабарни эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Трамп журналистларга Уиткофф кейинчалик Россияга боришини айтган, бироқ қўшимча маълумот бермаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Фаластин Исроил Оқ уй Ғазо ҲАМАС Стив Уиткофф

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг