Трампнинг келини Республикачилар миллий қўмитаси ҳамраиси бўлди

Олам

image

Республикачилар миллий қўмитаси аъзолари Хюстонда бўлиб ўтган қурултойда партиянинг янги раҳбариятини сайлади, унинг таркибига АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампнинг келини ҳам кирди. Бу ҳақда NBC телеканали хабар берди.

Қўмита аъзолари бир овоздан Шимолий Каролинадан Майкл Уотлини Республикачилар миллий қўмитасининг янги раиси, Лара Трампни эса унинг ҳамраиси этиб сайлади. Телеканалга кўра, бу ички партиявий ўзгаришлар Дональд Трамп ҳақиқатда “Республикачилар миллий қўмитасини ўз қўлига олгани”ни кўрсатади.

Раиснинг сайланиши Уотли ва собиқ ҳамраис Дрю Маккиссик ўртасидаги қисқача етакчилик курашидан сўнг бўлиб ўтди. Трамп Шимолий Каролинадаги республикачини очиқ маъқуллаганидан кейин Маккиссик ўз номзодини қўйишдан бош тортди.

“USA Today” нашрининг ёзишича, янги раҳбарлик даврида "партия аппарати фақат Трампнинг адвокатлик тўловлари ва сайловолди харажатларини тўлаши учун пул йиғиш машинасига айланади".

Шу билан бирга, Лара Трамп янги ҳамраис сифатидаги биринчи нутқида “фақат қайнотаси учун эмас, барча номзодлар учун ишлашга” ваъда берди.

Эслатиб ўтамиз, 5 март куни Трамп Алабама, Аляска, Арканзас, Виржиния, Калифорния, Колорадо, Массачусетс, Миннесота, Мэн, Оклахома, Шимолий Каролина, Теннесси, Техас ва Юта штатларида бўлиб ўтган бирламчи сайловлар (праймеризлар) ва партия фаоллари (какуслар) йиғилишларида АҚШнинг БМТдаги собиқ вакили Никки Хейлини мағлуб этди. Хейли уни фақат Вермонтда мағлуб этди. “Супер сешанба”дан сўнг Хейли ўзининг сайловолди кампанияси тўхтатилганини эълон қилди, бу эса Трампни Республикачилар партиясидан сайловда асосий номзодга айлантирди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Лара Трамп

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг