Трампнинг божлари туфайли Toyota’нинг даромади кескин камаяди
Олам
−
10 Май 2025 4858 1 дақиқа
Япониянинг йирик автомобиль ишлаб чиқарувчиси – Toyota Motor АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан жорий этилган янги бож сиёсати туфайли 2025 молиявий йилда соф фойдаси 34,9 фоизга камайишини эълон қилди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
Toyota ҳисоб-китобларига кўра, соф фойда йил якунида 21,6 миллиард долларни ташкил этади. Бу ўтган йилга нисбатан деярли 35 фоизга кам. Компаниянинг операцион фойдаси эса 20,8 фоизга тушиб, 27,1 миллиард долларга етади. Компанияга кўра, Toyota’нинг хориждаги савдосининг қарийб 20 фоизи АҚШ ҳиссасига тўғри келади.
Эслатиб ўтамиз, 2 апрель куни Оқ уй 185 давлатдан импорт қилинадиган маҳсулотларга янги тариф тизимини жорий этганди. Умумий импорт божи ставкаси 10 фоизни ташкил қилади, айрим мамлакатлар учун эса янада юқори бўлади. Бу ягона тариф тизими 5 апрелдан кучга кирди. Японияга нисбатан эса қўшимча 24 фоизлик тариф белгилангани айтилган.
Бироқ АҚШ ҳукумати музокаралар ўтказиш учун 90 кунлик кечиктириш муддатини ҳам белгилаган. Шунга қарамай, Вашингтон аллақачон автомобиллар, эҳтиёт қисмлар ва узеллар учун 25 фоизлик бож ставкасини амалиётга жорий эта бошлади.