Трампга ҳисобот: НАТО саммитни қурол-яроғ шартномалари намойишидан бошлади (видео)

World

image

Бугун, 7 июль куни НАТО етакчилари Туркиядаги саммитни ўнлаб миллиард АҚШ долларлик қийматдаги қурол-яроғ шартномаларини эълон қилиш билан бошлади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Нашрга кўра, бу орқали улар АҚШнинг Европа мудофааси учун кўпроқ маблағ ажратиш чақириқларига амал қилаётганини Президент Дональд Трамп иштирокида ўтадиган саммит олдидан намойиш этмоқчи.

Маълум қилинишича, пойтахт Анқарадаги мудофаа саноати форумида мусиқа ва тақдимот видеолари остида НАТО Бош котиби Марк Рютте бир қатор янги ташаббусларни эълон қилган. У НАТОга аъзо давлатлар вакилларини саҳнага таклиф қилган ва имзоланган келишувларнинг умумий қиймати экранда намойиш этилган.

“Биз биргаликда ҳаракат қилганимизда янада кўпроқ иш қила оламиз ва айнан шуни қилишимиз керак. НАТО иттифоқчилари янги кўп миллатли қўшма харид коалицияларига қўшилмоқда. Бу бизга турли йўналишларда зарур имкониятларни янада кўпроқ таъминлашга ёрдам беради”, деган Рютте.

Саммитда катта таъсир қолдириш мақсадида шу пайтгача махфий сақланган келишувлар қаторида Европа давлатларининг АҚШнинг Northrop Grumman компаниясидан кузатув дронларини харид қилиши ҳамда НАТОнинг Швециянинг Saab компаниясидан самолётлар сотиб олиши ҳам бор.

Рюттенинг айтишича, НАТО мамлакатлари кейинги беш йил ичида дронларга қарши мудофаа тизимларига 40 миллиард АҚШ долларидан ортиқ маблағ сарфлайди.

Бу эълонлар Трампнинг Европани мудофаа харажатларини етарли даражада оширмаётгани ва хавфсизлик масаласида НАТО орқали АҚШга ортиқча таянаётгани ҳақидаги танқидларини янада долзарблаштирган. Трамп ҳам Truth Social ижтимоий тармоғидаги видеомурожаатида Европа ўз мудофааси учун кўпроқ маблағ сарфлаши лозимлигини яна бир бор таъкидлаган.

Рютте Европа давлатларинг Россиядан хавотирлар кучайгани ва Трампнинг “жуда қатъий” чақириқлари таъсирида мудофаа харажатларини “мисли кўрилмаган даражада” оширганини айтган. Унинг маълум қилишича, НАТОнинг Европа аъзолари ва Канада 2025 йилда мудофаа учун 2024 йилга нисбатан реал ҳисобда 90 миллиард АҚШ долларидан кўпроқ маблағ сарфлаб, умумий харажатларни 570 миллиард АҚШ долларидан оширган. Бу қарийб 20 фоизлик ўсишни англатади.

Манбага кўра, саммит якунида НАТО аъзолари Украинага қўллаб-қувватловини яна бир бор тасдиқлаши ва 2026 йил учун 70 миллиард евро (80 миллиард АҚШ доллари) миқдорида ёрдам ажратишга ваъда бериши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “The New York Times” тўрт нафар юқори лавозимли маъмурият расмийсига таяниб, АҚШ Президенти Дональд Трамп Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга Анқарани F-35 бешинчи авлод қирувчи самолётлари дастурига қайта қўшишга тайёрлигини маълум қилиши кутилаётганини билдирганди.
 


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends