Трамп ЖССТни молиялаштиришни тўхтатди
Олам
−
15 Апрель 2020
5747АҚШ Президенти Дональд Трамп расмий Вашингтон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини (ЖССТ) молиялашни тўхтатишини маълум қилди.
“Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирусга қарши кўраётган чораларидаги хатоларини кўриб чиқмагунча мен уларни молиялаштиришни тўхтатаман”, деган Трамп.
Президентнинг таъкидлашича, ЖССТ коронавирус билан боғлиқ маълумотларни ўз вақтида тақдим этмаган ва дунё жамоатчилигини етарлича огоҳлантира олмаган.
“ЖССТ мана шу асосий вазифасини уддалай олмади ва бунга жавоб бериши керак”, деган Трамп.
Оқ уй соҳиби ташкилотни Уханда Хитой ҳукумати бераётган расмий маълумотларга зид келувчи маълумотлар юзасидан етарлича текширув ўтказмасликда айблади.
Трампнинг фикрича, ташкилотнинг ҳаракатсизлиги сабабли кўп вақт йўқотилган. Агар Хитойга ўз вақтида ЖССТ мутахассислари юборилганда вирус кенг кўламда тарқалмаган, кўплаб одамлар ҳалок бўлмаган ва иқтисодий йўқотишлардан қочиш мумкин бўларди деб ишонмоқда Америка раҳбари. Бундан ташқари, ташкилот авиақатновларни тўхтатишга зарурат йўқлигини қатъий таъкидлаганди.
Бунгача Дональд Трамп ЖССТни катта молиявий ёрдамни АҚШдан олгани ҳолда, асосий эътиборни Хитойга қаратаётгани учун бир неча марта танқид қилганди.