Трамп Европага 100 фоизлик импорт божи билан таҳдид қилди

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Европа давлатлари Америка технология компаниялари учун рақамли хизматлар солиғини жорий этса, уларнинг маҳсулотларига 100 фоизлик импорт божи қўлланилиши мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда Трамп ўзининг “Truth Social” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эълон қилди.

Унинг айтишича, Европадаги бир қатор давлатлар АҚШ компанияларига нисбатан рақамли хизматлар солиғини жорий этишни муҳокама қилмоқда, айримлари эса бу қарорни қабул қилиш арафасида.

“Рақамли хизматлар солиғини жорий этадиган ҳар қандай давлат АҚШга юбориладиган барча товарлари учун дарҳол 100 фоизликк импорт божи қўйилади”, дейди Америка Президенти.

“The Guardian” нашрининг ёзишича, Трампнинг бу баёноти глобал савдо кескинлашувини янада кучайтириши мумкин бўлган навбатдаги босқич сифатида баҳоланмоқда. У аввал ҳам бир қатор давлатлар ва иқтисодий блокларга нисбатан кескин бож сиёсатини қўллаган эди. Агар у ўз огоҳлантиришини амалда бажарадиган бўлса, 27 давлатдан иборат Европа Иттифоқининг жавоб чоралари АҚШ билан кенг кўламли савдо қарама-қаршилигига олиб келиши мумкин.

Франция, Испания ва Италияда йирик компаниялар учун 3 фоизлик рақамли хизматлар солиғи жорий этилган бўлса, Европа Иттифоқининг бошқа бир қатор давлатларида ҳам шунга ўхшаш тартиблар мавжуд ёки кўриб чиқилмоқда.

Буюк Британияда эса глобал рақамли хизматлардан катта даромад оладиган ижтимоий тармоқлар, қидирув тизимлари ва онлайн савдо платформалари учун 2 фоизлик солиқ амал қилади. Расмий маълумотларга кўра, ушбу солиқ 2024-2025 йилларда мамлакат бюджетига 800 миллион фунт стерлингдан ортиқ тушум келтирган.

Европа Комиссияси вакили Олоф Гилл эса рақамли хизматлар солиғи айрим мамлакатлар компанияларига қаратилмаганини, у келиб чиқишидан қатъий назар барча йирик рақамли платформаларга бир хил татбиқ этилишини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, бундай чоралар юзасидан Европа Иттифоқи ўз манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп барча давлатлар учун қўшимча 10 фоизликк бож жорий қилиш ҳақида фармон имзолаганди.

Мумтозбегим Абдумўминова


Мақола муаллифи

avatar

.

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг