Трамп еттинчиси. АҚШ президентларини ўлдириш кимга керак?
Таҳлил
−
14 Июль
20663Америка Қўшма Штатлари тарихида 46 президент Оқ уйга раҳбарлик қилган бўлиб, улардан 4 нафари ўлдирилган, 3 нафари эса суиқасд оқибатида яраланган. Президентлар жонига суиқасд қилишга Америка ҳукумати сиёсатини ўзгартириш истаги сабаб бўлгани айтилади. Бироқ мутахассислар бундай ҳужумларнинг ҳаммаси ҳам сиёсий сабабларга эга эмаслигини таъкидлайди. Чунки баъзи қотилларнинг руҳий саломатлиги шубҳа остида бўлиб, расмий равишда ақлдан озган, деб топилган.
Жумладан, тарихшунос Жеймс Кларк суиқасд уюштиришга уринишларнинг кўпчилиги маълум бир мақсад йўлида ва сиёсий сабабларга кўра бўлганини айтган. Адлия вазирлигининг ҳуқуқий қўлланмасида эса президентга ҳужумлар кўпроқ ақли ноқислар томонидан уюштирилгани билдирилган. Келинг, Америка президентларига қилинган суиқасдлар тафсилотини кўриб чиқамиз.
Авраам Линкольн (Республикачилар партиясидан)
Президент Линкольнга қилинган суиқасд мутлақо сиёсий тусдаги ҳужум эди. 1865 йилнинг 14 апрель оқшомида Авраам Линкольн "Бизнинг америкалик амакиваччамиз" комедиясининг махсус спектаклида қатнашаётганда отиб ташланди. Қотил Жон Уилкс Бут – Вашингтондаги Форд театрининг машҳур актёри бўлган. Бут Конфедерацияга хайрихоҳ бўлиб, Президент Линкольндан очиқчасига нафратланган. Линкольнни қоралар экан, Бут ўша пайтда Қўшма Штатларда қуллик бекор қилинганидан афсусдалигини билдирган.
Бутнинг шериги Люис Пауэлл Лафаетте майдонидаги уйида Линкольннинг давлат котиби Уилям Генри Сюардга ҳужум қилган. Пауэлл котибнинг томоғини икки марта кесиб ташлаган, Сюарднинг ўғли Августга ҳам жароҳат етказган. Сюард жарроҳлик амалиёти туфайли асраб қолинди. (Котиб яна етти йил яшади, бу вақт ичида ҳокимиятдаги ўрнини сақлаб қолди ва 1867 йилда Аляскани Россиядан сотиб олди). Суиқасдда қатнашган 5 нафар фитначи ўлдирилган. Бут Виржиния штатида, омборхонага яширинганида отиб ўққа тутиб ўлдирилди, қолган тўртта шериклари дорга осилди.
Жеймс Гарфильд (Республикачилар партиясидан)
АҚШнинг 20-президенти Жеймс Гарфильдга суиқасд Вашингтондаги Балтимор ва Потомак темир йўл вокзалида, 1881 йил 2 июль соат 9:20 да, у лавозимга киришганидан тўрт ой ўтмай содир бўлган. Президент вокзалга келаётганда ёзувчи ва ҳуқуқшунос Чарльз Гито уни тўппонча билан икки марта отиб ташлаган. Биринчи ўқ президентнинг елкасини, иккинчиси эса унинг белини тешиб ўтган. Гарфилд Оқ уйда бир неча ҳафта чалажон ҳолда ётди. Телефон ихтирочиси Александр Грем Белл ўзи ишлаб чиққан электр мосламаси билан танадаги ўқни топишга уриниб кўрган. Президент Гарфилд 1881 йил 19 сентябрда ҳужумдан 79 кун ўтиб, инфекция ва ички қон кетишдан вафот этди.
Қотил Гито дарҳол ҳибсга олинган. Суд-тергов пайтида Гитонинг руҳий мувозанати бузилган ва нейросифилисдан азият чекаётгани аниқланди. У Франсияга элчи этиб тайинланганидан ҳафсаласи пир бўлгани сабабли Гарфилдни отиб ташлаганини даъво қилган. 1881 йил 14 ноябрдан 1882 йил 25 январгача давом этган оммавий суд жараёнидан сўнг Гито айбдор деб топилиб, ўлимга ҳукм қилинди. 1882 йил 30 июнда Колумбия округида отишманинг бир йиллигига икки кун қолганда осиб ўлдирилди.
Уильям Мак-Кинли (Республикачилар партиясидан)
1901 йил 6 сентябрь куни соат 16:07 да Нью-Йоркнинг Буффало шаҳридаги Мусиқа ибодатхонасида АҚШнинг 25-президенти Уилям МакКинли ўлдирилди. Панамерикан кўргазмасида қатнашаётган МакКинли рўмол остида яширинган 32 калибрли тўппонча билан қуролланган анархист Леон Чолгош томонидан 2 марта отиб ташланди. Бир неча кунлик оғриқлардан кейин 1901 йил 14 сентябрда соат 2:15 да вафот этди.
Чолгошнинг ҳаракатлари сиёсий сабабларга кўра бўлгани айтилади. У Америка жамиятида улкан адолатсизлик бор деб ҳисоблар, унда бойлар камбағалларни эксплуатация қилиш орқали бойийди, деган ишонч бор эди. Чолгош бунга ҳукумат тузилмаси сабаб деган хулосага келган. Ўша вақтда Италия қироли Умберто I нинг анархист Гаэтано Брешчи томонидан отиб ўлдирилгани ҳақидаги хабар унга куч берган. Чолгош икки кун давом этган судда айбдор деб топилиб, 1901 йил 29 октябрда Оберн қамоқхонасида электр стулга ўтказилиб, қатл этилган.
Жон Кеннеди (Республикачилар партиясидан)
Аср жинояти номини олган қотиллик – Американинг 35-президенти Жон Кеннедига суиқасд 1963 йил 22 ноябрь куни соат 12:30 да Далласда (Техас) сайловолди учрашувлар вақтида содир бўлган. Машинада келаётган президентни собиқ АҚШ денгиз пиёдаси ва америкалик дефеcтор Ли Харви Освалд Техас мактаби китоб омборининг олтинчи қаватидан отиб ўлдирган.
Ушбу қотиллик АҚШ тарихидаги энг сирли жиноятлардан биридир. Президент Жон Кеннеди ўлдирилишидан бир соат ўтмай, Ж. Д.Типпит Техас штатининг Даллас шаҳрида, Oak Cliff турар-жой маҳалласида отиб ўлдирилган. Освалд дастлаб Типпитни ўлдирганликда айбланиб ҳибсга олинган эди, кейинчалик Кеннедини ҳам ўлдиргани маълум бўлди. Бироқ Освалд судга олиб чиқилмасдан олдин Даллас полицияси штаб-квартираси ертўласида Жек Руби томонидан ўлдирилган. Суд жараёнида Руби айбдор деб топилди ва ўлимга ҳукм қилинди. Рубининг судланганлиги ва ўлим ҳукми апелляция тартибида бекор қилинди ва унга янги суд тайинланди. Аммо у 1967 йилда саратон касаллиги туфайли қамоқда вафот этди.
80 фоиз америкаликлар Кеннеди ўлимида сиёсий фитна борлигига ишонади.
Теодор Рузвельт (Республикачилар партиясидан)
1912 йил 14 октабрда президентлик вазифасини тарк этганидан уч ярим йил ўтган Теодор Рузвельт президентлик сайловолди ташвиқотларида иштирок этаётган маҳал, отиб кетилди. Рузвелтни бир неча ҳафта давомида таъқиб қилиб юрган нью-йорклик салон қоровули Жон Шранк 38 калибрли тўппонча билан ўлдиришга уринди. Рузвельтнинг кўкрак чўнтагидаги 50 саҳифали сайловолди нутқи ва металл кўзойнак қутиси ўқни секинлаштириб, унинг ҳаётини сақлаб қолди. Шранк дарҳол қуролсизлантирилиб, қўлга олинди. Агар Рузвельт Шранкнинг соғ-омон қолишини сўраб қичқирмаганида, эҳтимол хавфсизлик кучлари уни ўлдириши мумкин эди.
Тажрибали овчи ва анатом сифатида Рузвельт ўқ танага хавфли жароҳат етказмаганини тахмин қилди ва зудлик билан касалхонага бориш таклифини рад этди. Суиқасддан кейин 84 дақиқа давомида яралаган ҳолда нутқ сўзлади. Шундан сўнг зондлар ва рентгенограммалар ўқ Рузвельтнинг кўкрак мушагига тиқилиб қолгани аниқланди. Шифокорлар, ўқни олиб ташлашга уринишдан кўра, уни жойида қолдириш хавфсиз, деган хулосага келди ва ўқ Рузвельтнинг бутун ҳаёти давомида танасида қолди.
Шранк суд-тергов давомида расмий равишда ақлдан озган деб топилди ва вафот этгунига қадар руҳий даволаш муассасасига жойлаштирилди.
Рональд Рейган (Республикачилар партиясидан)
1981 йил 30 мартда Рональд Рейган Вашингтон Хилтон меҳмонхонасида нутқ сўзлаб, лимузинига қайтаётганида, Жон Хинкли унга қарата олтита ўқ узиб, Рейган ва яна уч кишига зарба берди. Ҳодиса оқибатида Рейган оғир яраланди. Ўлим билан олишаётган президентни Жорж Вашингтон университети касалхонасига олиб келишди. Шошилинч эксплуатацион жарроҳлик амалиётидан кейин ҳолати барқарорлашди. Рейгандан ташқари Оқ уй матбуот котиби Жеймс Бреди, Махфий хизмат агенти Тим Маккарти ва полиция зобити Томас Делаҳанти ҳам яраланган. Уларнинг учаласи ҳам тирик қолди, аммо Бреди миясига шикаст етгани сабаб бир умрга ногирон бўлиб қолди.
Хинкли дарҳол ҳибсга олинди ва руҳий касал бўлгани сабаб айбсиз деб топилди. Хинкли актриса Жоди Фостерни ҳайратда қолдириш учун Рейганни ўлдирмоқчи бўлганини айтган. У руҳий муассасага мажбурий даволаш учун ётқизилган. 2016 йил 10 сентябрда, суиқасддан 35 йил Хинкли психиатрия муассасасидан чиқарилди.
Дональд Трамп (Республикачилар партиясидан)
2024 йил 13 июль куни Пенсильвания штатининг Бутлер шаҳрида бўлиб ўтган митинг чоғида минбарга чиқиб нутқ сўзлаётган собиқ президент Дональд Трамп бирдан қўлини қулоғига босиб ерга йиқилди. Хавфсизлик кучлари уни саҳнадан олиб чиқаётган пайтда Трампнинг қулоғи ва юзидан қон оқаётган эди. Трампга ўқ узган одам ва бир томошабин ҳалок бўлди, яна икки нафар одам оғир жароҳат олди.
Трампга суиқасд тафсилотлари, унинг ортида ким тургани ҳозирча номаълум. Қотиллик қилишга уринган йигитнинг ўлдирилиши ишни яна-да мураккаблаштириши мумкин. Қизиқ кейс – 2020 йилда Трамп Оқ уй фоесидан икки собиқ давлат раҳбари – 42-Президент Билл Клинтон ва 43-Президент кичик Жорж Бушнинг портретини олиб ташлатган, уларнинг ўрнига Уильям Мак-Кинли ва Теодор Рузвельт суратини илиб қўйган эди. Бу икки президент ҳам ўз вақтида суиқасдга учраган.
Баъзи инсонларда “шов-шув кўтариш ва қаҳрамонга айланиш мақсадида Трампнинг ўзи уюштирган”, деган тахминлар ҳам йўқ эмас. Суиқасддан ҳали 1 сутка ҳам ўтмай туриб, Трампнинг ўнг қўлини кўтариб турган суратлари футболкаларга туширилди, интернетда мем ясалди, гифлар пайдо бўлди. Ундан ташқари, Трамп партияси қурол олиб юришни тақиқлаш ниятида эди. Байден партияси бунга қаршилик қилиб келади.
Президентларга қилинган суиқасддан ким манфаатдор?
Америка Қўшма Штатлари президентига таҳдид қилиш 1917 йилдан бери федерал жиноят ҳисобланади. Гарчи, шу пайтгача фақат республикачи партия президентларига нисбатан суиқасд уюштирилган бўлса-да, кўпчилик бунда демократларни айбламайди. Чунки, АҚШ қонунчилигига кўра, Президент лавозимидан кетганда унинг ўрнига президентнинг сиёсий партиясига мансуб номзод келади. Шу сабабдан президентнинг ўлими сиёсатда катта ўзгаришларга олиб келиши даргумон. Сиёсий гуруҳлар ва қарама-қарши партиялар бундай ҳужумларни уюштирмайди ва амалдаги президентнинг ўлимидан манфаатдор эмас.
Мутахассислар Америка президентларини “душман давлатлар” ёки халқаро жиноий ташкилотлар уюштирган, деган фикрдан йироқ.
Трампга уюштирилган суиқасддан сўнг турли версиялар урчимоқда. Айримлар мазкур ҳолатдан собиқ президент сайловчилар орасидаги машҳурлигини ошириш учун фойдаланиши мумкинлигини айтмоқда. Байден жамоаси ҳам Трамп билан боғлиқ кейсдан фойдаланиб, қурол олиб юришни тақиқлаш ҳақидаги позициясини мустаҳкамлаши мумкин. Суиқасдни амалга оширган Томас Мэтью Крукс атиги 20 ёшда бўлгани бунда қўл келиши мумкин.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь