NASA'нинг бўлажак раҳбари Ойда база қуришга ваъда берди
Бу қизиқ
−
04 Декабрь 1369 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан NASA маъмурияти раҳбарлигига кўрсатилган номзод, америкалик миллиардер ва хайриячи Жаред Исаакман Ойда доимий база қуришни мақсад қилганини маълум қилди.
Қайд этилишича, NASA Ойга мунтазам парвозлар ва қўнишларни арзонроқ ҳамда барқарор қилиш учун янги авлод двигателлари устида ишламоқда. Исаакманнинг сўзларига кўра, бу борада бир ёки икки йирик тижорат ҳамкорининг иштироки катта аҳамиятга эга. Хусусан, SpaceX ва Blue Origin компаниялари Artemis дастурининг муҳим бўғини саналади.
Исаакман Сенат йиғилишида Ойни тадқиқ қилиш лойиҳасининг муваффақиятини таъминлаш учун қўлидан келган барча ишни қилишини айтди.
“Менимча, Қўшма Штатлар Президенти Ойда қурилаётган базани кўрганда ниҳоятда мамнун бўлади. Мен ушбу лойиҳанинг муваффақияти учун қўлимдан келган барча ишни қиламан,” деди у.
Сенаторлар ундан аниқ ваъдалар бериш борасида эҳтиёткор бўлишни сўраганида, Исаакман Ой тадқиқотлари инсониятнинг навбатдаги улкан қадами бўлишини, доимий база эса ушбу миссиянинг мантиқий давоми эканини айтди.
Маълумот ўрнида, АҚШнинг Ойга қайтиш дастури Artemis 2022 йил ноябрь ойида учувчисиз Artemis-1 миссиясининг омадли парвози билан бошланган. Orion космик кемаси Ой атрофида айланиш бўйича барча асосий синовлардан муваффақиятли ўтган.
Artemis-2 – одам бошқарадиган илк парвоз. У 2026 йилга режалаштирилган. Экипаж Ой атрофида айланади, бироқ қўнмайди.
Artemis-3 – 2027 йилда Ой юзасига қўниш режалаштирилган асосий миссия. Унда америкалик астронавтлар, жумладан, биринчи аёл астронавт Ойга қадам қўйиши кутилмоқда.
Artemis-4 – 2028 йилда Ой орбитасида барпо этилаётган Gateway космик станциясига тўрт кишилик экипаж учирилади. Миссия Gateway'ни кенгайтириш ва кейинги қўнишларга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ.
Бироқ АҚШ аудиторлик органлари бир неча бор ракета тизимлари, қўниш ва Gateway модулларини яратишдаги техник кечикишлар туфайли дастур муддатлари чўзилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
NASA ва тижорат ҳамкорлари Ойда узоқ муддатли илмий база барпо этишни инсониятнинг Марсга учиш йўлида муҳим қадам деб билишмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойда Ой тупроғидан ғишт қуювчи қурилма ишлаб чиқилгани ҳақида хабар берилганди. Қурилма қуёш энергиясидан қувват олади. Махсус параболик рефлектор қуёш нурларини тўплайди, улар оптик толали кабель орқали эриш нуқтасига узатилади. Қурилмани ишлаб чиққан Dell Space Experiment Laboratory (DSEL) маълумотларига кўра, бу тизим Цельсий бўйича 1000 даражадан юқори ҳароратгача қизийди ва қуёш нурини 3000 марта кучлироқ фокуслайди. Бу Ой сиртини қоплайдиган реголит – бўшашган тошни эритиб, уни кучли ғиштларга айлантириш учун етарли.
Live
Барчаси