Трамп ва унинг фарзандлари фирибгарликда айбланмоқда

Олам 7204
image

АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп Нью-Йорк штати Бош прокуратураси томонидан ўзининг Trump Organization компаниясидаги молиявий фирибгарликда айбланган. Тегишли ҳужжат 21 сентябрь куни Нью-Йорк штати Олий судининг электрон маълумотлар базасига келиб тушган. 

Фуқаролик даъвоси штат бош прокурори Летитиа Жеймс томонидан берилган. Айбланувчилар – Трампнинг ўзи, унинг фарзандлари кичик Дональд, Эрик ва Иванка, Трамп ташкилотининг собиқ молия директори Аллен Вайсселберг ва унинг ёрдамчиси Жеффри МакКони. Прокуратура айбланувчилар 2011 ва 2021 йиллар оралиғида Трампнинг йиллик молиявий ҳисоботларини ортиқча ёки кам ҳисобот бериш билан боғлиқ схема билан шуғулланганини даъво қилмоқда. 

“Трамп ва унинг ташкилоти ушбу ёлғон ва чалғитувчи маълумотлардан банкларни энг қулай шартларда кредит беришга ундаш учун қайта-қайта фойдаланган”, дейилади даъво аризасида.  

“The Wall Street Journal”нинг таъкидлашича, даъво фуқаролик характерига эга бўлишига қарамай, судланувчилар жиноий қонунчиликнинг бир қатор бандларини бузганликда айбланмоқда. Бундан ташқари, улар АҚШ федерал қонунларини бузган бўлиши мумкин.  Прокуратура суддан айбланувчиларни 250 миллион доллар жарима тўлаш ва Трамп ва унинг фарзандларини Нью-Йорк штатида рўйхатдан ўтган бизнес юритишини тақиқлашга ҳукм қилишни талаб қилмоқда. 

Трамп суд жараёнини “жодугар ови”нинг яна бир мисоли деб атади. Ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида у илгари губернатор лавозимига даъво қилган штат Бош прокурорини республикачиларга қарши чиқиш учун “ўз кампаниясини қурган фирибгар” деб атади.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 130
Рейтинг: 3
t
×