Трамп ва Си Цзиньпин телефон орқали суҳбатлашди
Олам
−
17 Январь
1523АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин телефон орқали суҳбатлашиб, TikTok’га қўйилган тақиқ ва бошқа масалаларни муҳокама қилди. Бу ҳақда “South China Morning Post” нашри хабар берди.
Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Си Цзиньпин билан бўлган суҳбатни “Хитой ва АҚШ учун жуда яхши” деб баҳолади ва икки давлат дунёни тинчроқ ва хавфсизроқ қилиш учун ҳамма нарсани қилишга тайёр эканини таъкидлади.
“Биз кўплаб муаммоларни биргаликда ҳал қилишимизни ва бу ишларни дарҳол бошлашимизни кутяпман. Биз савдо мувозанати, фентанил, TikTok ва бошқа кўплаб мавзуларни муҳокама қилдик”, деб ёзди Трамп.
Маълумот учун, 2024 йил 24 апрелда АҚШ Президенти Жо Байден TikTok’ни мамлакатда тақиқлаш ҳақидаги қонунни имзолаган. Ушбу қонун ByteDance компаниясидан TikTok бизнесини 270 кун ичида, яъни жорий йил 19 январгача АҚШда сотишни талаб қилади.
АҚШ ҳукумати TikTok фойдаланувчилари ҳақидаги маълумотларнинг Хитой ҳукуматига узатилиш эҳтимоли туфайли ушбу иловани миллий хавфсизликка таҳдид сифатида кўради. Аммо ByteDance бундай маълумотларни Хитой ҳукумати талаб қилса ҳам бермаслигини ваъда қилган.
TikTok’нинг эгаси бўлган ByteDance Байденнинг тақиқини ноқонуний деб ҳисоблайди ва қарорни апелляция қилиш орқали бекор қилишга ҳаракат қилмоқда. Суд жараёнлари узоқ давом этиши сабабли Трампда TikTok’ни ҳимоя қилиш учун кўпроқ вақт бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сайловолди кампанияси давомида TikTokʼни ҳимоя қилишга ваъда берган Дональд Трамп АҚШда уни тақиқлаш режасига қарши чиқмоқчилиги ҳақида хабар берилганди. Хабарга кўра, Трамп TikTokʼнинг кўлами ва қамровини қадрлайди. У подкастлар ва оммавий ахборот воситалари билан бир қаторда сайловларда ғалаба қозониш учун ундан моҳирона фойдаланган.
LiveБарчаси