Трамп урушларни тўхтатса, унинг Нобель олиши учун мурожаат йўллаймиз – Лукашенко
Олам
−
08 Ноябрь
3288Агар АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Оқ уйга қайтганидан сўнг урушларни тугатса, у Нобель мукофотига номзодини кўрсатиши керак бўлади. Бу ҳақда Беларусь фуқароси Александр Лукашенко маълум қилди.
Унинг эслатишича, Трамп сайловолди ташвиқоти чоғида Украинадаги можарони ҳал қилишга ваъда берган.
“Агар у можароларни ҳал қила олса, биз Нобель мукофоти учун петиция юборамиз”, деган Лукашенко.
У, шунингдек, Трамп ўз ваъдаларини бажаришига умид билдирган. Шу билан бирга, Лукашенкога кўра, ҳаммаси АҚШнинг сайланган президентига боғлиқ бўлмайди. Украинадаги жанговар ҳаракатларга барҳам бериш учун камида икки томоннинг иштироки зарур.
“Трамп Украинадаги урушни тугатишга ҳаракат қилади, аммо бу бир томонлама музокаралар эмас, балки кўплаб мамлакатларга тегишли масала”, деди Лукашенко.
Трамп Украина масаласини сайлов кампанияси давомида асосий масалалардан бирига айлантирди. У, агар ғалаба қозонса, 2025 йил 20 январь куни бўлиб ўтиши режа қилинган инаугурациясидан олдин вазиятни ҳал қилиш режаларини эълон қилади. Қўшма Штатларда биринчи овоз бериш натижалари эълон қилинганидан сўнг, ғалаба нутқи билан тарафдорларига мурожаат қилган Трамп “барча урушларни тўхтатиш” ниятини билдирди, бироқ аниқ ташаббусларни илгари сурмади.
Маълумот учун, Трамп 2016 йилги сайловда ғалаба қозонган, аммо 2020 йилги сайловда мағлуб бўлган. Шундан сўнг, у 2020 йилги сайловда кенг кўламли фирибгарлик бўлганини даъво қилиб келади. Ушбу даъволар 2021 йил 6 январь куни Капитолийга ҳужумга олиб келган бўлиб, Трамп тарафдорлари Президент Байденнинг ғалабасини тасдиқлаш жараёнини тўхтатишга ҳаракат қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Беларусь фуқароси Александр Лукашенко республикачи Дональд Трампга Америка Қўшма Штатлари президенти лавозимига қайтиши муносабати билан табрик йўллаганди.