“Трамп – уруш жиноятчиси”. Минглаб америкаликлар АҚШнинг Эронга берган зарбасидан норози (видео)

Олам

image

АҚШ ҳарбийлари томонидан Эрон ядровий объектларига зарба берилгач, Нью-Йоркда АҚШ раҳбари Дональд Трампга қарши намойишлар бошланди. Бу ҳақда кеча, 22 июнь куни NBC News хабар берди.

“Намойишчилар Нью-Йоркдаги Times Square ва АҚШнинг турли ҳудудларида йиғила бошлади. Бу намойишлар Трамп маъмурияти томонидан Эрондаги ядровий объектларга уюштирилган зарбаларга жавобан бўлиб ўтмоқда”, дейилади хабарда. 

Ҳодиса жойидан олинган видеоларда намойишчилар кўчаларда “Эрон билан урушга йўқ” деган мазмундаги плакатларни кўтариб тургани кўринади. Қолаверса, улар “Трамп – уруш жиноятчиси” ёзувлар ёзилган плакатларни ҳам намойиш қилаётганини кўриш мумкин. 

Иштирокчилар нафақат Нью-Йоркнинг марказий қисмидаги Times Square, балки Вашингтондаги Оқ уй атрофида, шунингдек, Массачусетс штатининг Бостон шаҳрида ҳам тўпланган. Митинглар Огайо штатининг Цинциннати шаҳрида ҳам ўтказилгани қайд этилган.

Нью-Йорк кўчаларида бўлган журналистнинг таъкидлашича, намойишлар тинч йўсинда ўтмоқда. Кўпчилик намойишчилар АҚШ ҳаракатлари кенг кўламли ва жуда ёмон оқибатларга олиб келувчи урушга сабабчи бўлиши мумкинлигидан хавотирда. 

Эслатиб ўтамиз, кеча, 22 июнь куни Трамп АҚШ халқига мурожаат қилиб, мамлакат Эроннинг учта ядровий объектига – Фордо, Натанз ва Исфаҳонга зарба берганини эълон қилган эди. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху эса халққа қилган мурожаатида Трампга бу ҳужумлар учун миннатдорлик билдирган.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг зарбалари узоқ муддатли оқибатларга олиб келишини айтди. Шунингдек, Эрон ҳукумати зарбаларга қарамай, ядровий энергияни ривожлантиришдан воз кечмаслигини маълум қилди.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш эса АҚШ томонидан Эроннинг ядровий объектларига уюштирилган ҳужумни “халқаро тинчлик ва хавфсизликка бевосита таҳдид” деб атади.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Нью-Йорк

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг