Трамп ўлим жазосини тикламоқчи
Олам
−
20 Январь
2846Ўз лавозимига киришган АҚШ Президенти Дональд Трамп Жо Байден томонидан бекор қилинган ўлим жазосини АҚШда федерал даражада тиклайди, шунингдек, Мексика чегарасига қўшин юборади. Бу ҳақда янги маъмурият вакилларига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, шунингдек, биринчи президентлик куни Трамп жанубий чегарада миллий фавқулодда ҳолат эълон қилади ва Мексикада бошпана изловчиларни АҚШ судида тингловни кутишга мажбурловчи сиёсатни тиклайди. Американинг расмий ҳужжатларида, жумладан паспортларда фуқароларнинг туғилган вақтида кўрсатилган жинсини қайд этиш талаб этилади. Шунингдек, федерал ҳукуматда хилма-хиллик, тенглик ва инклюзивликни таъминлашга қаратилган ташаббусларни тўхтатади.
Энг муҳим қадами эса – Трамп Қўшма штатларнинг стратегик манфаатларига зид бўлган ҳолларда бошқа давлатларга ёрдам кўрсатишни тақиқловчи фармонни имзолашни кўзламоқда.
Маълумот учун, 2021 йилнинг июль ойида АҚШда федерал даражада ўлим жазоларини ижро этишга мораторий эълон қилинган. Ушбу қарорни ўша вақтдаги Бош прокурор Меррик Гарланд Жо Байден президентлиги даврида жорий қилган эди. Дональд Трамп эса сайловолди кампанияси давомида президентликнинг биринчи кунидаёқ мазкур мораторийни бекор қилишини ваъда қилган.
CNN маълумотларига кўра, Трампнинг биринчи президентлик муддати (2017 йил январидан 2021 йил январигача) олдидан федерал ҳукумат ўлим жазоларини жуда кам ҳолларда амалга оширган. 2003 йилдан 2020 йилгача федерал даражада норасмий мораторий амал қилган. Аммо 2020 йилда федерал ҳукумат томонидан ўн киши қатл этилган, бу 1896 йилдан бери қайд этилган энг юқори кўрсаткич. Бу кўрсаткич ўша йили АҚШнинг барча штатларидаги ўлим жазоларининг ижроси сонидан ҳам кўп бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп инаугурация маросимидан сўнг ноқонуний муҳожирларга қарши оммавий рейд тадбирларини бошлаши хабар қилинган эди. Ушбу рейдлар Америка Қўшма Штатларининг Чикаго штатидан бошланади. Рейд бир ҳафта давом этиши режалаштирилган. Шунингдек, тадбирда икки юз нафаргача ҳуқуқ-тартибот ходимлари иштирок этиши кўзланган.
LiveБарчаси