Трамп TikTok’ни блоклашга қарши чиқди
Олам
−
13 Март
3060АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп TikTok’нинг АҚШда тақиқланишига йўл очадиган қонун лойиҳасини танқид қилди. Бу ҳақда у CNBC телеканалига берган интервьюсида сўз очди.
Трамп Facebook платформасини “халқ душмани” деб таърифлаб, TikTok’ни тақиқловчи қонун Meta’га кенг имтиёзлар беришини айтди.
"Агар TikTok бўлмаса, Facebооk’нинг дунё миқёсида оммалашиши жуда осон. Мен Facebook’ни халқ душмани деб биламан. TikTok’ни яхши кўрадиганлар кўп. Ушбу иловасиз ақлдан озадиган ёш болалар ҳам топилади”, дейди АҚШнинг собиқ президенти.
Қайд этиш жоизки, Хитойнинг “ByteDance” интернет гигантига тегишли бўлган TikTok сўнгги бир неча йил ичида ўзининг қисқа видеоларни жойлаш имконияти билан халқаро сенсацияга айланди.
Америкалик экспертларнинг фикрича, ушбу илова ўз фойдаланувчиларининг шахсий маълумотларини зарур бўлганда ҳукуматга тақдим этиши мумкин. Хитойнинг 2017 йилги Миллий разведка тўғрисидаги қонунида ташкилотлар ва фуқаролардан давлат разведка ишларини қўллаб-қувватлаш, ёрдам бериш ва ҳамкорлик қилишни талаб қилади. 2020 йилда Трамп маъмурияти ушбу хавотирлар туфайли TikTok’ни АҚШдаги иловалар маркетидан чиқаришга уриниб кўрди.
Маълумот учун, АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси ТikTok'ни тақиқловчи қонун лойиҳасини ишлаб чиққан. Агар лойиҳа кучга кирса, компанияга ижтимоий тармоқни сотиш учун 5 ой вақт берилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Жо Байден агар TikTok’ни тақиқловчи ҳужжат Конгресс томонидан тасдиқланса, мазкур қонун лойиҳасини имзолашини айтганди.
Райҳона Улканбаева
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь