Трамп шу ҳафта Яқин Шарққа бориши мумкин
Олам
−
09 Октябрь 2041 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп жорий ҳафта охирида Яқин Шарққа ташриф буюриши мумкин. Президентнинг бу ҳақдаги сўзларини CNN келтирди.
Трампга кўра, АҚШ Ғазо секторидаги урушни тўхтатиш бўйича жиддий музокаралар олиб борди.
“Бизнинг у ерда ажойиб жамоамиз бор, жуда яхши музокарачиларимиз бор ва афсуски қарама-қарши томонда ҳам музокарачилар кучли”, деган Оқ уй раҳбари музокаралар муваффақиятли якунланишидан бир муддат олдин.
Трампнинг урғулашича, у Яқин Шарқ мамлакатларидан бирига якшанба куни, 12 октябрда бориши мумкин.
Қайд этиш жоиз, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио агар Ғазо бўйича келишувга эришилса, Трамп Яқин Шарққа ташриф буюриши мумкинлигини айтган эди. Аммо у илгари ҳам музокаралар барбод бўлганини эслатиб, хулоса чиқаришга шошилмаслик кераклигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп Исроил ва ҲАМАС ўртасида Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув имзоланганини эълон қилганди. Тинчлик режасининг биринчи босқичи жанговар ҳаракатларни тўхтатиш, гаровдагилар ва маҳбусларни алмашиш, шунингдек, гуманитар чораларни ўз ичига олади. ҲАМАС барча тирик гаровдагиларни (сўнгги маълумотларга кўра, уларнинг сони 20 нафар) тез орада озод қилиш мажбуриятини олган, Исроил эса қўшинларини келишилган чизиққача олиб чиқади. Режага кўра, халқаро тузилмалар – БМТ ва Қизил Хоч қўмитаси назорати остида гуманитар ташкилотларнинг Ғазо секторига кириш имконияти кенгайтирилади. Келишувга эришилганини ҲАМАС ва Исроил вакиллари ҳам расман тасдиқлаган.
Live
Барчаси