Трамп савдо уруши очди. Дунё етакчилари бунга нима деяпти?
Олам
−
03 Апрель 5288 4 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп бугун, 3 апрель куни АҚШга олиб кириладиган маҳсулотларнинг аксариятига божхона тарифлари жорий этилганини эълон қилди. Айрим давлатлар аллақачон унинг қарорига муносабат билдирди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Норвегия расмийлари ҳисоб-китоблар олиб борилаётганини ва юз берган воқеани тушунишга ҳаракат қилаётганларини билдирган.
“Бу дунё иқтисодиёти учун жиддий масала ва Норвегия учун ҳам ниҳоятда муҳим. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, биз Европа Иттифоқига 20 фоиз ва АҚШга камида 10-15 фоиз божхона тарифларини жорий қилишимиз мумкин. Бу жуда аҳамиятли, чунки биз Европа Иттифоқига ҳам кўплаб экспорт маҳсулотларимизни жўнатамиз. Демак, бу қарор бизга ҳам таъсир қилади”, деди Норвегия Саноат ва савдо вазири Сесили Мирсет.
Швейцария ҳам АҚШнинг божхона тарифлари бўйича қарорини “эътиборга олганини” билдирган.
“Федерал Кенгаш кейинги қадамларни зудлик билан аниқлайди. Мамлакатимизнинг узоқ муддатли иқтисодий манфаатлари устувор ҳисобланади. Халқаро ҳуқуқ ва эркин савдога риоя қилиш муҳим тамойиллардандир”, деб ёзди Швейцария Президенти Карин Келлер-Суттер ижтимоий тармоқда.
Швеция Бош вазири Ульф Кристерссон мамлакати эркин савдо ва халқаро ҳамкорлик тарафдори бўлишда давом этишини айтди.
“Эркин тадбиркорлик ва рақобат Ғарбнинг муваффақият асосидир. Шу сабабли америкаликлар шведларнинг Spotify хизматидан фойдаланиши, биз эса ўша мусиқаларни АҚШнинг iPhone’ларида тинглашимиз мумкин. Шунинг учун АҚШ савдони юқори тарифлар билан чеклаш йўлига кирганидан чуқур афсусдаман”, деди Кристерссон.
Австралия Бош вазири Энтони Альбанезе матбуот анжуманида бу тарифлар Австралия учун “кутилмаган ҳолат эмаслигини” билдирган.
“Аммо улар мутлақо асоссиз. Президент Трамп ўз қарорини ўзаро тарифлар билан изоҳлади. Ўзаро тариф нолга тенг бўлиши керак эди, 10 фоизга эмас. Трамп маъмуриятининг тарифлари мантиқий асосга эга эмас ва икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик тамойилларига зид. Бу дўстона қадам эмас”, деди Альбанезе.
Ирландия Бош вазири Михол Мартин ҳукумат учун ҳозирги устувор вазифа ирландиялик ишчилар ва иқтисодиётни ҳимоя қилиш эканини билдирган.
“Биз маҳаллий ва халқаро компанияларимиз билан ишлаймиз ҳамда олдинда турган даврни енгиб ўтиш йўлларини излаймиз”, деди Мартин.
Унинг қўшимча қилишича, Ирландия Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик қилиб, АҚШ билан музокаралар орқали тарифларнинг зарарини камайтиришга ҳаракат қилади.
Польша Бош вазири Дональд Туск ижтимоий тармоқда пост жойлаштирди.
“Дўстлик – шерикликни англатади. Шериклик эса ҳақиқатан ҳам ўзаро тенг тарифларни талаб қилади. Мувофиқ ечимлар керак”, деб ёзди Туск.
Дания Ташқи ишлар вазири Ларс Лекке Расмуссен ҳам содир бўлган воқеага муносабат билдириб, ижтимоий тармоқда пост жойлаштирди.
“Мен АҚШ нега Европага қарши савдо урушини бошламоқчи эканини тушунмаяпман. Ҳеч ким ютмайди, ҳаммамиз ютқазамиз. Биз девор қуриш ўрнига тўсиқларни йўқ қилишимиз керак. Европа бирлашган ҳолда ҳаракат қилади. Европа аниқ ва мутаносиб жавоб беради”, деб ёзди Дания ТИВ раҳбари.
Маълумот учун, кеча, 2 апрель куни ОАВда Трамп ўзининг иккинчи президентлик муддати давомидаги асосий воқеага тайёргарлик кўраётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди: у чоршанба оқшомида бутун дунёга қарши савдо уруши эълон қилишини билдирди.
Трамп ўз чиқишини эълон қилганида 2 апрелни “Американинг текинхўрлардан озод бўлиш куни” деб атади. У янги кенг кўламли тарифлар АҚШнинг барча савдо ҳамкорларига қарши қаратилган бўлиб, “Американинг буюклигини қайта тиклаш” га ёрдам беради, деб ҳисоблайди. Иқтисодчилар эса бу, аввало, америкаликларга зарар етказишини таъкидламоқда.
Эслатиб ўтамиз, шунга қарамай, 2 апрель оқшомида Трамп 185 давлатга қарши божхона тарифларини эълон қилди. Тарифлар 10 фоиздан 50 фоизгача белгиланди. АҚШ божхона рўйхатига Ўзбекистон ҳам киритилди. Шунингдек, март ойи охирида Трамп АҚШда ишлаб чиқарилмаган автомобиллар импортига тариф жорий қилганди. У, шунингдек, агар Европа Иттифоқи ва Канада АҚШ иқтисодиётига зарар етказиш мақсадида ҳамкорлик қилса, уларга нисбатан янада қаттиқроқ божхона тарифлари жорий этилиши билан таҳдид қилмоқда.
Live
Барчаси