Трамп Саудияга ядровий келишув доирасида шарт қўйди
Олам
−
08:42 1148 3 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Саудия Арабистони билан фуқаровий ядровий энергетика бўйича келишувни Конгрессга юборди, бироқ ҳужжат амалга кириши учун Ар-Риёд Исроил билан муносабатларни нормаллаштириши ва уни тан олиши кераклигини билдирди. Бу ҳақда АҚШ маъмурияти вакили ҳужжат 24 август куни Конгрессга юборилганини маълум қилди.
Келишув июль ойида тузилган бўлиб, у АҚШ компанияларига Саудия Арабистонига фуқаровий ядровий технологияларни экспорт қилиш имконини беради.
“Президентнинг позицияси ўзгармаган: келишув Саудия Арабистони Иброҳим келишувларига қўшилган тақдирдагина амалга ошади”, деган АҚШ маъмурияти вакили.
Иброҳим келишувлари 2020 ва 2021 йилларда АҚШ воситачилигида Исроил ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн, Марокаш ва Судан ўртасида муносабатларни нормаллаштириш мақсадида тузилган. Трамп июль ойида Саудия билан ядровий келишувга эришилганидан бир неча кун ўтиб, унинг кучга кириши учун Исроил билан муносабатларни нормаллаштиришни шарт қилиб қўйган. Собиқ президент Жо Байден ҳам ядровий келишувни қўллаб-қувватлаган ва уни Иброҳим келишувлари билан боғлашга ҳаракат қилган.
2023 йилда дипломатлар Саудия Арабистони Исроил билан муносабатларни нормаллаштиришга яқинлашганини айтган эди. Бироқ ўша йил октябрда Исроилнинг Ғазодаги уруши бошланиши билан вазият ўзгарди. Саудия Арабистони Исроилни тан олишдан олдин Фаластин давлатини ташкил этишга олиб борувчи қайтариб бўлмайдиган жараён бўлишини талаб қилмоқда.
30 йилга мўлжалланган ядровий келишув доирасида AP1000 реакторларини қуриш режалаштирилган. Ўнлаб миллиард долларлик лойиҳа Westinghouse компаниясига манфаат келтириши мумкин.
Келишув Конгресс раҳбарларига юборилган ва бугун, 26 август куни қўмиталарга тақдим этилиши кутилмоқда. Агар Конгресс 90 иш куни ичида келишувни рад этмаса, у кучга киради. Конгресс ҳужжатни рад этган тақдирда ҳам Трамп бу қарорга вето қўйиши мумкин, бунда ветони бекор қилиш учун Конгрессда учдан икки қисмининг овози талаб этилади.
Айрим демократ конгрессменлар ва ядровий қуролларни тарқатмаслик тарафдорлари келишувни Саудия Арабистонига уран бойитиш ва ядровий чиқиндиларни қайта ишлашни тақиқламаётгани учун танқид қилган. Бу жараёнлар ядровий қурол яратиш учун эҳтимолий йўллардан бири ҳисобланади.
АҚШ маъмурияти келишувда қонун талаб қиладиган ядровий қуролларни тарқатмаслик чоралари мавжудлигини билдирмоқда. Ядровий қуролларни тарқатмаслик сиёсати бўйича эксперт Ҳенри Соколскининг таъкидлашича, келишувни Конгрессга тақдим этиш жараёни уни Исроил билан муносабатларни нормаллаштириш ёки ядровий тарқалишга оид шартларсиз амалга ошириш имкониятини ҳам очиб беради.
“Агар сиз уран бойитилишини тақиқлаш ва Исроилни тан олиш масалаларига жиддий ёндашсангиз, бу идеал ҳолат эмас”, деган Соколски.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия, Покистон ва Саудия Арабистони мудофаа технологиялари соҳасида ҳамкорлик қилиб, ҳарбий тажриба алмашиши ва қўшма машғулотлар ўтказиши хабар қилинганди.
Live
Барчаси