Трамп Россия активлари ҳисобидан Украинага ёрдам ажратиши мумкин
Олам
−
13 Июль 3650 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп лавозимга киришганидан бери илк бор Украинага янги молиявий ёрдам ажратиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, CBS News хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу ёрдам Россияга сигнал бериш учун мўлжалланиши мумкин. Ҳозирча маблағ манбаси аниқ эмас. Бироқ, АҚШ расмийларига кўра, Трамп ихтиёрида аввалги президент Жо Байден маъмурияти томонидан ажратилган, лекин ҳали ишлатилмаган 3,85 миллиард доллар маблағ мавжуд.
Шунингдек, собиқ расмийлар Президент тахминан 5 миллиард долларлик Россиянинг АҚШдаги музлатилган активларини мусодара қилиб, ушбу маблағни Украинага йўналтириши мумкинлигини ҳам таъкидлаган. Ҳозиргача на Трамп, на Байден бу имкониятдан фойдаланган.
Европа Иттифоқи, АҚШ, Япония ва Канада Россия Марказий банкининг қарийб 300 миллиард долларлик активларини музлатган. Бу активларнинг 5–6 миллиард доллари АҚШда, асосий қисми эса Бельгия ҳудудидаги Эурослеар тизимида сақланади.
2024 йил июнь ойида G7 давлатлари – Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, Франция, Япония ва АҚШ Россия активлари даромади ҳисобидан Украинага 50 миллиард доллар кредит ажратиш механизмини келишиб олган.
Россия бу ҳаракатларни ўғрилик деб ҳисоблайди. Кремль бу ниятларни ноқонуний деб атаб, агар улар амалга оширилса, бу жиддий суд ва ҳуқуқий оқибатларга олиб келишини айтган.
“Reuters” агентлиги хабарига кўра, Трамп шу ҳафтада Президент ваколатларидан биринчи марта фойдаланади. Бу унга Конгресс розилигисиз қурол-аслаҳа юборишга имкон беради. Ёрдам пакети тахминан 300 миллион долларни ташкил этади. Унда Patriot тизимлари учун ўрта масофали ҳужум ракеталари ҳам бўлиши мумкин.
“Politico” нашрининг ёзишича, Трампнинг бу қарорини муҳокама қилиш АҚШ томонидан Украинага айрим қуроллар етказиб берилиши тўхтатилганидан бир ҳафта ўтиб бошланган. Кейинчалик Президент етказиб беришни қайта тиклашга қарор қилган. Маблағ Байден даврида Конгресс томонидан тасдиқланган фонд ҳисобидан ажратилади. Унда ҳали ҳам тахминан 3,8 миллиард доллар мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШ Украинага қурол етказиб беришни тиклагани ҳақида айтганди. Давлат раҳбари АҚШдан қайси тизимлар етказиб берилаётганига аниқлик киритмаган.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь