Трамп маъмурияти кўплаб мамлакатларга саёҳат чекловларини жорий этмоқчи

Олам

image

Трамп маъмурияти бир қатор давлат фуқаролари учун кенг қамровли саёҳат чекловларини жорий этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, меморандумда жами 41 мамлакат учта алоҳида гуруҳга ажратилган. Биринчи гуруҳга Афғонистон, Эрон, Сурия, Куба ва Шимолий Корея каби 10 давлат киритилган бўлиб, уларга визалар тўлиқ тўхтатилиши кутилмоқда.

Иккинчи гуруҳда Эритрея, Гаити, Лаос, Мьянма ва Жанубий Судан бор. Улар учун туризм, талабалик ва бошқа иммиграцион визалар бўйича чекловлар жорий қилиниши мумкин, айрим истиснолар мавжуд бўлиши эҳтимоли бор.

Учинчи гуруҳда эса 26 давлат, жумладан, Беларусь, Покистон ва Туркманистон каби мамлакатлар киритилган. Агар ушбу давлатларнинг ҳукуматлари 60 кун ичида хавфсизлик ва скрининг масалалари бўйича камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрмаса, улар АҚШ визаси олишда қисман чекловларга дуч келиши мумкин.

Исми ошкор этилишини хоҳламаган АҚШ расмийсининг билдиришича, ушбу рўйхат ҳали расман маъқулланмаган ва ўзгариши мумкин. Шунингдек, бу масала АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг тасдиғини талаб қилади.

Бу ҳаракат Трампнинг биринчи президентлик муддатидаги етти мусулмон давлати фуқароларига киритилган АҚШга саёҳат қилишни тақиқлаш сиёсатига ўхшаш бўлиб, бу қарор 2018 йилда АҚШ Олий суди томонидан қонуний деб топилган эди.

Маълумот учун, 2025 йил 20 январда Трамп янги фармон имзолаб, АҚШга киришга ҳаракат қилаётган хорижликлар учун хавфсизлик текширувларини кучайтиришни талаб қилди. Бу фармонга мувофиқ, бир неча вазирлик 21 мартга қадар АҚШга саёҳат қисман ёки тўлиқ тақиқланиши керак бўлган давлатлар рўйхатини тақдим этиши керак.

Трампнинг ушбу буйруғи унинг иккинчи президентлик муддати бошида бошлаган иммиграция сиёсати қатъийлашувининг бир қисми ҳисобланади. У бу режасини 2023 йил октябрь ойидаги нутқида эълон қилган бўлиб, Ғазо сектори, Ливия, Сомали, Сурия, Яман ва АҚШ хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа давлатлар фуқароларини чеклаш ниятини билдирган эди. Аммо АҚШ Давлат департаменти бу масала бўйича изоҳ беришни рад этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп маъмурияти ихтиёрий депортация учун янги иловани ишга туширганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Трамп

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг