Трамп коронавирус туфайли Нью-Йорк губернатори билан жанжаллашди

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Нью-Йорк штати губернатори Эндрю Куомо билан коронавирус сабаб жанжаллашди. Трампнинг фикрича, штат губернатори ҳаддан ортиқ ваҳима қилмоқда.

Куомо Трампни, коронавирус пандемиясидан энг кўп зарар кўрган штатга етарли даражада ёрдам бермагани учун бир неча бор танқид қилди. Губернаторга, шунингдек, Трампнинг иқтисодиётни тез орада қайта тиклаш ва бу учун штат раҳбарлари масъуллигини ҳақидаги баёноти ёқмаган.

“Менга губернатор эканлигимни айтиши учун Президент керак эмас“, дейди Куомо.

Трамп бунга жавобан Куомо жуда шикоятчи бўлиб қолганини айтди. Унинг фикрича, губернатор кўп гапириб юборяпти.

“Губернатор Куомо кўп шикоят қилмасдан бизнес билан шуғулланишга вақт сарфлаши керак. Боринг ва бизнес билан шуғулланинг. Гапиришни бас қилинг! Биз сизга керак бўлмаган минглаб тиббиёт тўшагини бердик, сизга керак бўлган сунъий нафас бериш мосламасини бердик ва яна аҳолини коронавирус тестидан оммавий ўтказиш учун ёрдам қилдик. Аслида буларнинг барчасини ўзингиз қилишингиз керак эди“, деб ёзди Трамп ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Трамп, шунингдек, Нью-Йоркга бошқа штатларга қараганда кўпроқ ёрдам берганини иддао қилди. У Куомонинг, штат 40 мингтагача сунъий нафас бериш мосламасига муҳтож бўлиши ҳақидаги гапларини “бемаъни“ деб атади.

Маълумотларга кўра, Нью-Йоркда беморларни шифохонага ётқизиш камайган. Сунъий нафас бериш мосламаларига ҳам эҳтиёж катта эмас.

Сўнгги маълумотларга кўра, АҚШда коронавирус билан боғлиқ 679 374 та ҳолат аниқланган. Касалланганларнинг 56 546 нафари соғайган, 34 180 нафари эса вафот этган. Мавжуд беморлар сони 588 648 кишини ташкил қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус АҚШда

Баҳолаганлар

395

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг