Трамп хотини ёзган хатни Путинга берди

Олам

Аляскадаги учрашув: Путин ва Трамп баёнотидан асосий нуқталар north_east

Аляскадаги учрашув: Путин ва Трамп баёнотидан асосий нуқталар

Аляскадаги Эльмендорф-Ричардсон қўшма ҳарбий базасида Тошкент вақти билан бугун, 16 август куни соат 04:25 атрофида АҚШ ва Россия Президентлари Дональд Трамп ва Владимир Путиннинг учрашуви якунланди. Саммит чоғидаТрамп турмуш ўртоғи Мелания Трампнинг ёзган хатини Путинга етказди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, биринчи хоним Россия Президенти Владимир Путинга ёзган шахсий мактубида Москванинг агрессив уруши пайтида Россия томонидан ўғирлаб кетилган украиналик болалар масаласини кўтарган. Оқ уй раҳбари рафиқасининг бошқа давлат раҳбарига ёзган хатини ўз эгасига етказган бўлса-да, Мелания мактубининг кейинги тақдири номаълум.

2023 йилда Гаагадаги Халқаро жиноий суд Путин ва Россия Президентининг Болалар ҳуқуқлари бўйича вакили Мария Львова-Беловани ишғол қилинган Украина ҳудудидан болаларни ўғирлашда айблаб, ҳибсга олишга ордер берганди. Ўша йилнинг март ойида Украинада болаларни Россияга мажбуран депортация қилиш бўйича 16 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилган.

Украина Омбудсмани Дмитрий Лубинецга кўра, Украинадан олиб кетилган кўплаб болалар ноқонуний равишда ҳомийлик остидаги оилаларга топширилади ёки меҳрибонлик уйларига жойлаштирилади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси (UNHCR) маълумотларига кўра, Украинага қарши уруш бошланганидан бери Россия миллионлаб украиналик болаларни азоб-уқубатларга солиб, уларнинг ҳуқуқларини поймол қилган.

Жорий йилнинг 19 март куни Трамп маъмурияти Россияга мажбуран олиб кетилган украиналик болаларни қидириб топиш ва Украинадаги Россия ҳарбий жиноятларига оид бошқа далилларни тўплаш дастурини якунлади. Агентликнинг ёзишича, қарор Украинадан ўғирлаб кетилган 30 мингга яқин украиналик болалар ҳақидаги йирик маълумотлар, жумладан, сунъий йўлдош тасвирлари ва биометрик маълумотлардан фойдаланиш имкониятини йўқотишни назарда тутади.

Бироқ, атиги 8 кун ўтгач, оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, Оқ уй Американинг Россия уруш жиноятларини ҳужжатлаштириш бўйича ташаббусини, хусусан, болаларни Украинадан Россия ҳудудига ноқонуний олиб чиқиш ҳолатларини чеклаш ҳақидаги қарорини бекор қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ва Россия Президентлари Дональд Трамп ва Владимир Путиннинг Аляскадаги учрашувига ОАВ қандай муносабат билдиргани ҳақида ёзган эдик.


Мақола муаллифи

Теглар

Трамп Путин Аляска Мелания Трамп хат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг