Трамп инаугурация учун рекорд миқдорда пул йиғди
Олам
−
16:57
3366АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп бугун, 20 январь куни бўлиб ўтадиган инаугурация маросими учун рекорд миқдорда – 250 миллион доллар пул йиғди. Бу ҳақда ўз манбасига таяниб, ABC телеканали хабар берди.
Маълумотларга кўра, маблағлар Трамп ва вице-президент Жеймс Дэвид Вэнснинг инаугурация қўмитаси ҳамда бошқа йирик ташкилотлар томонидан маросим тадбирларини ўтказиш учун тўпланган. Солиштириш учун, 2017 йилда республикачининг аввалги инаугурацияси учун атиги 107 миллион доллар йиғилган эди.
Телеканалнинг хабар беришича, республикачининг инаугурациясини йирик технология компаниялари молиялаштиради ва уларнинг раҳбарлари бугун, 20 январь куни Вашингтонда бўлиб ўтадиган тадбирда қатнашади. Улар орасида Meta, Apple, Amazon, Google, Microsoft, OpenAI ва Uber бор. Шунингдек, криптовалюта саноатининг йирик ўйинчилари томонидан ҳам маблағ ажратилгани маълум қилинди – Ripple 5 миллион доллар, Robinhood 2 миллион доллар, Coinbase эса 1 миллион доллар қўшган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп инаугурация маросимини совуқ об-ҳаво туфайли Капитолий ичкарисига кўчирганди. Метеорология хизмати маълумотларига кўра, бугун, 20 январь куни Вашингтонда ҳаво ҳарорати кундузи -5°С, кечаси эса -12°С гача тушиши кутилмоқда. Республикачининг фикрича, бу минглаб фавқулодда вазиятлар ходимлари ва маросим томошабинлари учун хавфли бўлиши мумкин. Шу тариқа 1986 йилдан бери илк бор АҚШда инаугурация маросими ёпиқ бинода ўтказилади.
LiveБарчаси