Трамп Флоридада ўз офисини очди

Олам 8008
image

АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп Флорида штатида собиқ президентлик вазифасини бажариш учун ўз офисини очди. Бу ҳақда Трампнинг ёрдамчиларига асосланиб хабар берилган. 

"Офис Президент Трампнинг ёзишмаларини, оммавий баёнотларини, нутқларини ва расмий фаолиятини АҚШ манфаатларини илгари суриш ва Трамп маъмуриятининг кун тартибини бажариш бўйича бошқариш учун жавобгар бўлади", дейилган хабарда. 

Трамп президентлик лавозимининг сўнгги кунидаги хайрлашув нутқида ўз тарафдорларини сиёсий фаолиятини давом эттиришига ишонтирган.

"Биз у ёки бу шаклда қайтамиз", деган у. 

Собиқ Президент 20 январь куни Флорида штатидаги Мар-а-Лаго мулкига учиб кетганидан бери жамоатчилик олдида кўринмаган. 

Маълумот ўрнида, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси Трампга импичмент эълон қилиш тўғрисидаги қарорни Сенатга тақдим этган. 

6 январь куни Трампнинг тарафдорлари мамлакат пойтахти Вашингтондаги Капитолий олдида намойиш уюштириб, Конгресс биносига бостириб кирди. Капитолийга ҳужум фонида Трампга иккинчи импичмент эълон қилинди.

Агар суд шаклида бўлиб ўтадиган Сенат жараёни Трампга айблов ҳукмини чиқарса, Трамп янги муддатга президентлик сайловларида қатнашиш ёки давлат лавозимларида ишлаш имкониятидан маҳрум бўлади.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 307
Рейтинг: 3
t
×