Трамп барча импорт маҳсулотларига янги божлар солди
Олам
−
09:18 787 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп барча давлатлар учун қўшимча 10 фоизлик бож жорий қилиш ҳақида фармон имзолади. У бу ҳақда ўзининг Truth Social саҳифасида маълум қилди.
Трампнинг айтишича, янги 10 фоизлик бож деярли дарҳол кучга киради ва у “барча мамлакатлар”га тааллуқли бўлади.
Бу қарор Олий суд АҚШ Трамп аввал жорий қилган айрим божлар қонунга зид, деган қарор чиқарганидан кейин қабул қилинди. Суд хулосасига кўра, Президент фавқулодда ҳолатлар ҳақидаги қонундан фойдаланиб, ўз ваколатидан ошиб кетган.
Шундан кейин Трамп барча божлар кучида қолишини айтган ва яна қўшимча 10 фоизлик глобал бож жорий этишини эълон қилган.
У, шунингдек, суд қарорига танқид билдириб, унинг фикрича, суд “чет эл манфаатлари таъсирида” бўлганини айтган.
У яна бир баёнотида Олий суднинг бу қарорини “бемаъни” деб атаган ва қарши овоз берган судьялар “уялиши керак”лигини айтган. Шу билан бирга, у янги чоралар орқали давлат янада кўпроқ даромад олишини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Олий суди Президент Дональд Трамп томонидан бир томонлама жорий этилган кенг қамровли фавқулодда божлар федерал қонунга зид, деган қарорга келганди. Суд 6 га 3 овоз билан божлар амалдаги қонун доирасидан чиқиб кетганини билдирган.
Live
Барчаси