Трамп АҚШни уялтиряпти – Байден
Олам
−
08 Ноябрь 7480 2 дақиқа
АҚШнинг собиқ президенти Жо Байден амалдаги давлат раҳбари Дональд Трампни мамлакатни шарманда қилаётганликда айблади. Бу ҳақда у кеча, 7 ноябрь куни Небраска штатининг Омаҳа шаҳрида бўлиб ўтган Демократик партия тадбирида айтиб ўтди.
“Мен сиз тушунишингизни истайман, жаноб Президент: сиз биз учун ишлайсиз, биз сиз учун эмас. Сиз барча америкаликлар учун ишлайсиз, фақат миллиардерлар ва миллионерлар учун эмас. Менинг жаҳлим чиққан. Демократияда қироллар бўлмайди – сизнинг ҳаракатларингиз бизни мамлакат сифатида уялтиряпти”, деган Байден.
У, шунингдек, Оқ уйнинг шарқий қанотини бузиб ташлашни Трамп сиёсати билан солиштирган ва буни унинг Президентлиги рамзи деб атаган.
“Сиз Оқ уйнинг шарқий қанотига нима қилганини кўрдингизми? Бу унинг муддатининг ажойиб рамзи. Конституцияга, қонун устуворлигига ва демократияга ҳам худди шундай муносабатда бўляпти”, деган собиқ раҳбар.
Маълумот учун, Жо Байден 2021 йилдан 2025 йилгача АҚШ президенти бўлган. У дастлаб иккинчи муддатга қайта сайловда қатнашмоқчи эди, бироқ Трамп билан мунозаралардаги муваффақиятсиз чиқишидан сўнг сайлов пойгасидан чиқиб кетди. Унинг ўрнига Демократлар партияси номзоди сифатида Камала Ҳаррис қатнашган, бироқ 2024 йил ноябрь ойидаги сайловда Трампга ютқазган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жо Байден амалдаги Президент Дональд Трамп ва унинг жамоаси фаолияти учун ўз миннатдорлигини билдирганди. Байден Трамп ва унинг жамоасини Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш йўлидаги фаолиятини юксак қадрлашини айтган. У бу келишувга эришиш йўли осон бўлмаганини ҳам таъкидлаган.