Трамп АҚШни БМТнинг Исроилга ён босмаётган 2 ташкилотидан чиқарди

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп мамлакатни БМТнинг “антиамерикан” ташкилотларидан чиқариш тўғрисида фармон имзолади. БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши ва Фаластин қочқинларига ёрдам бериш бўйича Яқин Шарқ агентлиги (UNRWA) шулар жумласидан. Бу ҳақда Оқ уй баёнот берди.

Кеча, 4 февраль куни Трамп АҚШнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашидан чиқиши ва UNRWA’га келажакдаги ҳар қандай молиявий ёрдамни тақиқлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

“Фармон АҚШга UNRWA’га қўшимча маблағ ажратишни тақиқлайди, чунки бу ташкилот доимий равишда антисемитизм ва Исроилга қарши сиёсатини намоён этиб келади. 7 октябрь куни Исроилга қарши амалга оширилган даҳшатли терактларда иштирок этган ходимларининг сони бунга яққол далилдир. Бундан ташқари, UNRWA объектлари бир неча бор ҲАМАС ва бошқа террорчи гуруҳлар томонидан қурол сақлаш ва ер ости туннель тизимларини қуриш учун ишлатилган”, дейилади Оқ уй баёнотида.  

Баёнотда таъкидланишича, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши ўзининг асосий мақсадини бажармаган ва инсон ҳуқуқларини бузаётган давлатларни ҳимоя қилиш воситасига айланган.

“Бундай давлатлар қаторига Эрон, Хитой ва Куба киради. Улар кенгашдан ўзининг инсон ҳуқуқларини бузиш ҳолатларини яшириш учун фойдаланмоқда. Бундан ташқари, кенгаш Исроилга нисбатан доимий ва номутаносиб тарафкашлик билан ёндашиб, унга ҳаддан ташқари кўп эътибор қаратиб келмоқда”, дейилади баёнотда.

Маълумот учун, Трампнинг ушбу қарори янгилик эмас. У ўзининг биринчи президентлик муддати давомида ҳам UNRWA'ни молиялаштиришни тўхтатган, АҚШни БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши ва Таълим, фан ва маданият ташкилоти (UNESCO) аъзолигидан олиб чиққан эди.

“АҚШ UNESCO’дан чиққанидан кейин ташкилот Исроил билан муносабатларни яхшилашга ҳаракат қилди. Президент Трамп UNRWA'га молиявий ёрдамни тўхтатишга ҳам муваффақ бўлган. Кейинчалик Байден маъмурияти бу маблағ ажратишни қайта тиклади, бироқ 7 октябрь ҳужумларидан сўнг UNRWA'даги коррупцияга дуч келишга мажбур бўлди. Президент Трамп эса яна бир бор АҚШнинг ушбу коррупциялашган ташкилотлардан чиқишини таъминламоқда”, дейилади баёнотида.   

Маълумот ўрнида, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши 47 давлатдан иборат бўлган ҳукуматлараро орган ҳисобланади. У 2006 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан инсон ҳуқуқларини бутун дунёда ҳимоя қилиш ва ҳурмат қилишни тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган.

АҚШ 2009 йилда Барак Обама президентлиги даврида кенгашга қўшилган. Жо Байден президентлиги даврида АҚШ 2022 йилнинг 1 январидан 2024 йил 31 декабригача кенгаш аъзоси бўлиб турган, шундан сўнг кузатувчи мақомига ўтган.

2018 йилда Трамп АҚШни БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашидан чиқарганида кенгаш 2006 йилдан бери 70 дан ортиқ Исроилга қарши резолюция қабул қилгани, бу Эрон бўйича қабул қилинган резолюциялар сонидан 10 баравар кўп экани айтилган.

Эслатиб ўтамиз, 20 январь куни лавозимга киришган АҚШ Президенти Дональд Трамп шу куннинг ўзида ижро фармойишларининг бутун бир пакетини имзолаганди. Улар қаторида Қўшма Штатларни Париж иқлим келишувидан ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан (ЖССТ) чиқариш тўғрисидаги ҳужжатлар бор.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп БМТ Исроил Инсон ҳуқуқлари кенгаши UNRWA

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг