Трамп Канадага қачон 100 фоизлик бож жорий этилишини айтди
Олам
−
25 Январь 3332 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп агар Канада Хитой билан савдо битимини тузса, Канада товарларига 100 фоизлик бож жорий этишини маълум қилди. Бу ҳақида у ўзининг Truth Social тармоғида эълон қилди.
“Агар Канада Хитой билан келишувга эришса, мен дарҳол АҚШга кирадиган барча Канада товарлари ва маҳсулотларига 100 фоиз тариф билан зарба бераман”, дейди Трамп.
Бунга жавобан, Канада-АҚШ савдоси бўйича масъул Канада вазири Доминик Леблан кеча, 24 январь куни Х саҳифасида Хитой билан эркин савдо битимига интилиш йўқлигини эълон қилди.
Канада Бош вазири Марк Карни жорий йилнинг 16 январь санасида Хитойга икки давлат ўртасидаги таранглашган муносабатларни қайта тиклаш учун ташриф буюрди ва Канаданинг АҚШдан кейинги иккинчи йирик савдо ҳамкори билан қатор шартномаларни имзолаган эди. Музокаралардан сўнг, Карни ва Хитой Президенти Си Цзиньпин ўртасида эришилган келишувга кўра, Хитой март ойига қадар Канада канола ёғига солиқларни 85 фоиздан 15 фоизгача пасайтиради, Канада эса Хитойнинг электромобилларига қулайлик яратувчи, 0 фоиздан 6,1 фоизга туширилган давлат ставкасини жорий этади.
Аввалига Канада ва Хитой ўртасидаги савдо битимини Трамп қўллаб-қувватлади ва бу ҳаракатни "яхши нарса" деб атаганди. Аммо Канада Бош вазири Карнининг Давосдаги нутқида АҚШ бошчилигидаги дунё тартиби бузилганини айтганидан кейин, АҚШ ва Канада ўртасидаги кескинлик кучайди.
Эслатиб ўтамиз, Гренландиянинг тарафини олаётган мамлакатларга бож жорий этишини эълон қилган эди.