Тожикистонда қўлга олинган хавфли жиноятчи Тошкентдаги “Илҳом” театри раҳбарини ўлдирган
Жамият
−
04 Апрель 2019
7742Жорий йилнинг 2 апрель куни Тожикистонда ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалган Чинчак лақабли жиноий гуруҳ раҳбари Ёқуб Аҳрорзода Тошкентнинг “Илҳом” театри раҳбари Марк Вайлнинг қотили бўлиб чиқди.
“Аҳбор” нашри хабарига кўра, Чинчак –Ёқуб Аҳрорович Ғафуров тожик мухолифатининг собиқ жангариси аслида Тожикистон ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари томонидан ҳибсга олинмаган. Балки, Ўзбекистондан экстрадиция қилинган.
Тошкентдаги “Илҳом” театри раҳбари Марк Вайлни 2007 йилда ўлдирганликда айбланиб, 2010 йилнинг 17 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ҳукми билан 20 йилга озодликдан маҳрум қилинган Ëқуб Ғафуров Тожикистонга топширилди.
Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар беришича, Тожикистон фуқароси Ёқуб Ғафуров 2010 йил февраль ойида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97- (Қасддан одам ўлдириш), 159- (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 228- (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, 20 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Қайд этилишича, Тожикистон Республикаси Бош прокуратураси Ўзбекистон Бош прокуратурасига Ёқуб Ғафуровни Тожикистон ҳудудида амалга оширилган жиноятлар учун жавобгарликка тортиш мақсадида тожик томонининг тегишли органларига топшириш ҳақида сўров юборган.
2019 йилнинг 19 январь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси юқорида кўрсатилган сўровни қаноатлантирган ва 2019 йил 12 февраль куни судланувчи Ёқуб Ғафуров 1993 йил 22 январдаги Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги конвенция ҳамда 2000 йил 15 июндаги Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида топшириш тўғрисидаги битимга мувофиқ Тожикистон тегишли органларига вақтинчалик топширилган.
Бош прокуратура хабарида айтилишича, тожик томони Ғафуров кейинчалик Ўзбекистонга жазо муддатини ўташда давом этиши учун қайтарилиши бўйича кафолатлар берган.
Маълумот учун, “Илҳом” театри раҳбари ва асосчиси, режиссёр Марк Вайл 2007 йилнинг 6 сентябрида, театрнинг 32-мавсуми очилишидан бир кун олдин ўз уйи йўлагида пичоқлаб кетилган ва кейинчалик шифохонада вафот этган. У 55 ёшда бўлган.
LiveБарчаси