“Илҳом” театри асосчисининг қотили Чинчак Ўзбекистонда жазо ўтаяпти
Жамият
−
18 Июнь 2019
5517Аввалроқ, Тошкентдаги “Илҳом” театри асосчиси Марк Вайлнинг қотили Чинчак лақабли жиноятчи Ёқуб Аҳрорович Ғафуров Тожикистонга юборилгани ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Матбуот хизмати Ёқуб Ғафуров иши бўйича QALAMPIR.UZ`га маълумот берди.
“2019 йил 12 февралда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Тожикистон Республикаси Бош прокуратурасининг сўровига асосан, Тожикистон Республикаси ҳудудида содир этган жиноятлари учун жавобгарликка тортиш мақсадида фуқаро Ёқуб Ғафуров уч ойлик муддатга вақтинчалик топширилди.
Жорий йилнинг 7 май куни Ёқуб Ғафуров Тожикистон Республикасининг ваколатли органлари томонидан Ўзбекистон Республикасига қайта топширилди”, дейилади назорат органи ахборотида.
Ҳозирги вақтда у Ўзбекистон Республикаси ҳудудида содир этган жиноятлари учун муқаддам тайинланган жазони ўташда давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ёқуб Ғафуров Тошкентдаги “Илҳом” театри раҳбари Марк Вайлни 2007 йилда ўлдирганликда айбланиб, 2010 йилнинг 17 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ҳукми билан 20 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.
Маълумот учун, “Илҳом” театри раҳбари ва асосчиси, режиссёр Марк Вайл 2007 йилнинг 6 сентябрида, театрнинг 32-мавсуми очилишидан бир кун олдин ўз уйи йўлагида пичоқлаб кетилган ва кейинчалик шифохонада вафот этган. У 55 ёшда бўлган.