Тожикистон ва Қирғизистондан олиб кирилган наркотикни сотаётганлар ушланди
3-саҳифа
−
02 Ноябрь
2895Тожикистон ва Қирғизистон Республикаларидан олиб кирилган гиёҳвандлик моддалари олди-сотдисига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари божхона ҳамда ички ишлар органлари билан ҳамкорликда бир нечта тезкор тадбирлар ўтказган.
Жумладан, тожикистонлик наркокурьерлар томонидан айланма йўллар орқали олиб келиниб, Қуйи Чирчиқ туманидаги хуфия жойга қолдириб кетилган 1 кг 834 гр “гашиш” моддасини қабул қилиб олган Тошкент шаҳрида яшовчи 1992 ва 1998 йилларда туғилган 2 нафар фуқаро ушланган.
Бошқа ҳолатда эса “Сурхондарё-Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган 1986 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги Nexia русумли автомашина Ўрта Чирчиқ тумани ҳудудида тўхтатилганда 1991 йилда туғилган муқаддам судланган шахс йўловчи сифатида кетаётгани маълум бўлган. Холислар иштирокида кўздан кечирилганда, автомашинанинг орқа эшиклари ички қисмига 1 кг “гашиш” моддаси яшириб қўйилганлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Аниқланишича, улар Тожикистондан келтирилган гиёҳванд моддани Сурхондарёда қабул қилиб олган ва уни сотиб мўмай даромад топишни режалаштирган.
Навбатдаги ҳолатда Денов ҳамда Сариосиё туманларида яшовчи, 1994, 1995 ва 1997 йилларда туғилган фуқаролар 985 гр “гашиш” моддасини Nexia русумли автомашинада Тошкент шаҳрига олиб кетаётган вақтида Зангиота туманида тўхтатиб қолинган. Терговга қадар текширув давомида, ушбу модда ҳам тожикистонлик наркокурьерлар томонидан айланма йўллар орқали мамлакатга олиб келингани аниқланган.
Оҳангарон туманида ўтказилган тезкор тадбирда, Янгийўл тумани ҳамда Янгийўл шаҳрида истиқомат қилувчи 3 нафар фуқаро Қўқон шаҳрига бориб, ҳозирда шахсига аниқлик киритилаётган наркосавдогардан 168 гр “гашиш” ҳамда 722 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 43 млн сўмга сотиб олиб, доимий яшаш манзилларига қайтиб келаётган вақтида қўлга олинган. Аниқланишича, ушбу гиёҳвандлик воситалари мамлакатга Қирғиз Республикасидан олиб келинган.
Яна бир ҳолатда эса “Фарғона-Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган Lacetti русумли автомашина Оҳангарон шаҳри ҳудудида тўхтатилиб, кўздан унда автомашинани бошқариб кетаётган Транспорт назорати инспекцияси инспектори ҳамда 1975 ва 1990 йилларда туғилган муқаддам кучли таъсир қилувчи моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритгани учун судланган 2 нафар йўловчига тегишли 826 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Маълум бўлишича, улар Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали олиб келинган ушбу дори воситаларини Қўқон шаҳрида яшовчи фуқародан 22 млн 500 минг сўмга сотиб олишган.
Ҳозирда барча ҳолатлар бўйича қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Афғонистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келтирилган жами 47,2 килограмм наркотик моддалар мусодара қилингани маълум бўлганди.
LiveБарчаси