Тожикистон ўз чегарасини қўриқлашда Россия ёрдамига муҳтож эмаслигини маълум қилди
Олам
−
27 Июль 2021
7594Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарасини қўриқлаш учун Россия ҳарбийларини жалб қилишга зарурат йўқ. Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Мухриддин чегара ҳимояси бўйича шундай фикр билдирди.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда ҳудудда чегара бўйича маслаҳатчилар гуруҳи ишламоқда.
“Россиялик чегарачиларни тожик-афғон чегарасига қайтариш масаласи кўриб чиқилмаяпти. Тожикистонда бир гуруҳ чегара маслаҳатчилари бор ва улар одатдагидек ишламоқда”, дейди Мухриддин.
У ҳарбий-техник соҳадаги ҳамкорлик Россия ва Тожикистон ўртасидаги стратегик ўзаро муносабатларнинг асосий йўналишларидан бирига айланганини таъкидлаган.
“Биз икки томонлама шаклда ҳам, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) орқали ҳам ҳамкорлик қиламиз — 2013 йилдан бери бизга Афғонистон билан чегарани мустаҳкамлашда ёрдам берилмоқда”, дея қўшимча қилди ТИВ раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, толиблар Марказий Осиё давлатлари, шу жумладан Тожикистон чегарасига дахл қилиш нияти йўқлигини бир неча бор таъкидлаган. Бироқ, шунга қарамай, Тожикистон чегара қўшинлари ҳарбий амалиётлар ўтказмоқда. Ўз навбатида, мамлакат Президенти Имомали Раҳмон ҳам чегара қўшинларининг ҳарбий тайёргарлигини кўздан кечирган.
Қайд этиш керакки, жорий йилнинг 5–10 август кунлари Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон Афғонистон билан чегарада машғулотлар ўтказади. Ўша машғулотларда ҳарбийлар “Толибон” томонидан Марказий Осиё давлатлари чегарасининг эҳтимолий бузулиши ҳолатларига тайёргарлик кўради.
Шу ўринда, Россиянинг Тожикистонда 201-ҳарбий базаси борлигини унутмаслик керак. Ушбу ҳарбий база Россиянинг мамлакат чегарасидан ташқарида жойлашган энг йирик тузилмасидир. Бундан ташқари, расмий Москва жорий йилнинг июль ойи охиригача 201-ҳарбий база 17 та пиёдаларнинг модернизация қилинган БМП-2М жанговар машинасини қабул қилиб олишини маълум қилган. Ўз навбатида, Россия Ташқи ишлари вазири Сергей Лавров ушбу базанинг имкониятларини юқори баҳолаб, уни Марказий Осиё хавфсизлигининг кафолати эканини қўшимча қилган.
Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.
LiveБарчаси