Россия ҳарбий базаси Марказий Осиёдаги хавфсизликнинг муҳим омили – Лавров

Олам 5813
image
-

Бугун, 19 май куни Россия Федерациясининг Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Душанбега қилган ташрифи доирасидаТожикистон ТИВ раҳбари Сирожиддин Муҳриддин билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда ТAСС хабар берди.

Сергей Лавров Тожикистон ТИВ раҳбари билан мулоқот давомида Россия Aфғонистон шимолида террорчиларнинг фаоллашишидан хавотирда эканини айтган.

"Биз Aфғонистоннинг шимолий вилоятларида халқаро террористик ташкилотлар жангариларининг фаоллашишидан хавотирдамиз. Терроризм, экстремизм ва гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашда Душанбега барча зарур ёрдамларни беришга тайёрмиз ва ва буни амалда қўллаймиз", деган Лавров.

Лавров Россиянинг Тожикистондаги 201-ҳарбий базаси минтақада тинчликни сақлашда муҳим ўринга эгалигини таъкидлаб, шундай деган:

“Марказий Осиёдаги барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашда Тожикистондаги 201-рус ҳарбий базаси муҳим омил экани борасида якдил фикрга эгамиз. Россия Қуролли кучлари иштирокида террорчиликка қарши кураш бўйича мунтазам машқлар ўтказиляпти.”

Сергей Лавров Сирожиддин Муҳриддин билан мулоқоти чоғида шунингдек, Россия расмий Душанбега тожик-афғон чегарасида янги замонавий чегара постини қуришга молиявий ёрдам беришини таъкидлади.

“Бугун биз Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) фаолияти доирасида ҳам, икки томонлама ҳам тожик-афғон чегарасини мустаҳкамлаш бўйича қилинаётган қадамларни муҳокама қилдик. Россия Қуролли Кучлари иштирокида мунтазам равишда терроризмга қарши машқлар ўтказилмоқда ва яқин келажакда биз ҳукуматлараро битимни имзолашни кутмоқдамиз, унга мувофиқ тожик-афғон чегараси участкаларининг бирида замонавий чегара постини қуришда молиявий кўмак берамиз”, деган Россия ТИВ раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, 8 май куни Москвада Тожикистон ва Россия Президентлари Имомали Раҳмон ҳамда Владимир Путин ўртасида учрашув бўлиб ўтганди. Путин ушбу учрашувда АҚШ қўшинларининг Афғонистондан чиқарилаётгани сабабли хавотирга тушган Раҳмонга Тожикистон Қуролли кучларини такомиллаштиришда ёрдам беришини айтганди.

Сардор Тўланбоев

 

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 99
Рейтинг: 3
t
×