Тожикистон Кишинёв аэропортидаги воқеа юзасидан Молдовага ҳуқуқ-тартибот ходимларини юборди
Олам
−
03 Июль 2023
5178Тожикистон Кишинёв аэропортида юз берган ҳодиса билан боғлиқ ҳолатларга ойдинлик киритиш учун республика ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини Молдовага юборди. Бу ҳақда Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
“Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва Тожикистоннинг Молдовадаги элчихонасининг юқори мансабдор шахслари молдовалик ҳамкасблари билан мулоқот қилиш ва воқеанинг барча ҳолатларига ойдинлик киритиш учун Кишинёвга жўнатилди”, дейилади хабарда.
Дипломатик департаментнинг қўшимча қилишича, воқеадан кейин Тожикистон Бош прокуратураси ва ҳукумат вакиллари Молдовадаги ҳамкасблари билан алоқада бўлиб турибди.
“Биз Молдованинг ҳалок бўлган фуқароларининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз ҳамда Тожикистон томони Молдова томони билан яқин ҳамкорлик қилишга тайёрлигини тасдиқлаймиз”, дейилади вазирлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 июнь куни Молдованинг Кишинёв аэропортида Тожикистон фуқароси 43 ёшли Рустам Ашуров отишма содир этганди. Оқибатда икки киши ҳалок бўлиб, бир киши жароҳатланганди. Отишма вақтида уни ўзи ҳам яраланган.
Ашуров Тожикистонда шу йилнинг 23 июнь куни “Ориёнбанк” раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Исматуллоевни ўғирлаб кетганликда айбланган. Шундан сўнг, у яшириниш мақсадида Туркия орқали Молдовага қочиб кетган. У Молдовада умрбодга қамалиши мумкин.
LiveБарчаси