Тожикистон чегарани 1924 йилги харитага мувофиқ бўлмоқчи – Жапаров
Олам
−
17 Апрель 2023
21932Тожикистон Қирғизистонга чегара масаласини 1924 йилги харитага мувофиқ ҳал қилиш бўйича таклифлар киритмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров “Кабар” агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
“Аслида 1924 йилги харитадаги масалани ҳал қилиш таклифи ҳуқуқий ва маънавий жиҳатдан нотўғри. 1924 йилда улар ҳам, биз ҳам алоҳида давлат эмасдик. Агар иккала томон ҳам рози бўлиб, 1924 йилги харита бўйича қарор қабул қилишса, биз чегаранинг барча участкаларини ушбу харита бўйича кўриб чиқишимиз керак”, дейди Президент.
Жапаровнинг қайд этишича, аввалроқ икки томон ҳам рози бўлган ва ишлар тез суръатда кетаётган эди. Лекин бу таклифдан кейин иш тўхтатилган.
“Шундай қилиб, биз май ойига қадар қарор қилишимиз мумкин деб ўйладим. Афсуски, биз ҳали якунига етганимиз йўқ”, дея қўшимча қилган у.
Маълумот учун, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги давлат чегарасининг узунлиги қарийб 980 километрни ташкил қилади. 2002 йилнинг декабрь ойидан буён унинг делимитацияси бўйича музокаралар давом этмоқда. 2017 йилдан бери Душанбе ва Бишкек бу жараённи сезиларли даражада кучайтирди. Ҳозирги вақтда чегара ўтиш чизиғининг учдан икки қисмидан кўпроғи аниқланган ва давлатлар томонидан ўзаро тан олинган, қолган участкалари баҳсли ҳисобланади.
Ушбу муаммонинг ҳал бўлмагани икки республиканинг маҳаллий аҳолиси ва ҳарбий хизматчилари ўртасида, шу жумладан, ўқотар қуролдан фойдаланиш билан боғлиқ низоларга бир неча бор сабаб бўлган. Уларнинг охиргиси 2022 йил кузининг бошида содир бўлган, Қирғизистон томонида тўқнашувлар чоғида 60 дан ортиқ одам ҳалок бўлган. Қирғизистон Қозоғистон, Хитой, Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарадош. Ҳозирча демаркация ва делимитация жараёнини фақат Тожикистон томони билан якунлаб бўлмади.
LiveБарчаси