ТошПТИнинг Нукус филиалида икки давлат билан ҳамкорликда янги факультет очилади
Жамият
−
29 Март 2019
6207Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиалида Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт университети (Россия Федерацияси) ва Корё университети (Корея Республикаси) иштирокида ташкил этилаётган факультет 2019-2020 ўқув йилидан ўз ишини бошлайди. Бу ҳақда “Норма” хабар берди.
Факультетнинг алоҳида вазифалари орасида – Оролбўйи минтақасидаги касалликларнинг барвақт профилактикаси, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва атроф муҳитнинг инсон саломатлигига таъсирини ўрганиш соҳасида юқори технологияларга асосланган фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотлар олиб бориш.
Ўқитиш тўлов-контракт асосида рус ва инглиз тилларида, кундузги таълим шаклида Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт университети ва Корё университети ўқув режалари ва дастурлари асосида амалга оширилади. Ўқишга қабул қилиш тартиби ва квотаси, магистратура ва клиник ординатура мутахассисликлари, контракт ва профессор-ўқитувчилар меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари хорижий ҳамкор олий таълим муассасалари ва Ўзбекистоннинг манфаатдор идоралари билан келишув асосида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.
Битирувчиларга Ўзбекистонда ҳамда Санкт-Петербург ДПТУ ва Корё университетида тан олинадиган диплом берилади.