Тошкентда бургут “шинавандалари” жаримага тортилди
Жамият
−
17 Октябрь 2023
7236Тошкент шаҳридаги “Йўловчи поездларини таъмирлаш” акциядорлик жамияти ҳудудида 1 та чўл бургутини тутқунликда сақланаётганлар жаримага тортилди. Бу ҳақда шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси Яккасарой бўлимига “Йўловчи поездларини таъмирлаш” АЖ ҳудудида 1 та чўл бургути тутқунликда сақланаётгани ҳақида мурожаат келиб тушган.
Бошқарма масъуллари ва Тошкент ҳайвонот боғи мутахассислари бу бўйича ўрганиш олиб борганида, мурожаатда келтирилган маълумотлар ўз тасдиғини топган.
Бургутни ноқонуний сақлаганларга нисбатан эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 90-моддасига (ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) мувофиқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баравари миқдорида яъни 4 миллион 950 минг сўм жарима қўлланилган.
“Ушбу ҳолат Тошкент ҳайвонот боғи мутахассислари кўмагида бартараф этилиб, бургут ҳайвонот боғига олиб кетилди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги хонадонлардан бирида шер боласи боқилаётгани аниқланганди. Шунингдек, Фарғона шаҳридаги ҳайвонот боғида сақланаётган зебра нобуд бўлгани ҳақида хабар берилган эди.