Тошкентдан Жиддага учаётган самолёт фавқулодда Баҳрайнга қўнди
Жамият
−
21 Февраль 6929 1 дақиқа
Air Samarkand'нинг UZS4003 Тошкент – Жидда рейси бортида юзага келган фавқулодда тиббий ҳолат сабабли Баҳрайн аэропортига мажбурий қўнишни амалга оширди. Бу ҳақда авиакомпания хабар қилди.
Маълум қилинишича, парвоз давомида 75 ёшли йўловчида такрорий инфаркт содир бўлган. Самолёт бортида бўлган шифокор беморнинг ҳаёти хавф остида эканини тасдиқлаган.
Ҳаво кемаси командири Роман Игоревич Таланов бошчилигидаги экипаж тезкор қарор қабул қилиб, беморга зарурий тиббий ёрдам кўрсатиш учун Баҳрайнга фавқулодда қўнишга қарор қилган.
Бош борткузатувчи Алена Шишкина бошчилигидаги борт кузатувчилари шифокор билан биргаликда бортдаги тиббий қутилар ва ускуналар ёрдамида беморга биринчи ёрдам кўрсатган. Аэропортда бемор барқарор ҳолатда тез ёрдам бригадасига топширилган.
Маълумот ўрнида, рейс тахминан 1 соат кечикиш билан Жиддага давом этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Uzbekistan Airways’нинг Нью-Йоркдан Тошкентга учаётган рейси бортдаги маст йўловчи сабабли Россиянинг Қозон шаҳри аэропортида фавқулодда қўнганди.