Тошкентдан Чимкентгача: Марказий Осиёда қандай янги стадионлар қуриляпти?

Спорт

image

2026 йилда Душанбе ва Бишкекда янги йирик ареналар фойдаланишга топширилди. Янги Тошкентда 55 минг ўринли стадион қуриляпти, Қозоғистон эса Олмаота ва Чимкентда бир вақтнинг ўзида иккита йирик лойиҳани амалга оширмоқда. 

Марказий Осиёда бир вақтнинг ўзида футбол инфратузилмасининг бир нечта йирик лойиҳалари амалга оширилмоқда. Душанбеда янги Миллий стадион аллақачон фойдаланишга топширилди, Бишкекда минтақадаги энг катта янги арена қурилиши якунланди. Ўзбекистон ва Қозоғистонда эса ишлар давом этмоқда.

Лойиҳалар нафақат ҳажми, балки концепцияси билан ҳам фарқ қилади. Баъзилари асосан футбол ва халқаро турнирлар учун мўлжалланган бўлса, бошқалари тижорат ва кўнгилочар объектларни ўз ичига олган кўп тармоқли мажмуа сифатида барпо этилмоқда.

Душанбе: 30 минг ўринли янги Миллий стадион

2026 йил 21 августда Душанбедаги янги Миллий стадион фойдаланишга топширилди. Арена 30 мингдан ортиқ томошабинга мўлжалланган. Қуйи бўлимда 12 мингдан ортиқ, юқори бўлимда эса 18 минг ўрин назарда тутилган. Мажмуа 9,5 гектар майдонни эгаллайди, бинонинг умумий майдони 42 минг квадрат метрдан ошади. Стадион беш қават ва ёрдамчи ертўла қисмидан иборат бўлиб, баландлиги 33 метрни ташкил этади.

Майдони 105 га 68 метр бўлган футбол майдони халқаро талабларга тўлиқ жавоб беради. Янги стадион миллий терма жамоалар ўйинлари, клуб турнирлари ва бошқа йирик тадбирларни ўтказишга мўлжалланган.

Бишкек: 51 минг ўрин ва 386 миллион доллар

Қирғизистонда 2026 йилда “Бишкек Арена” қурилиши якунланди. Стадион 51 252 томошабинга мўлжалланган. Унинг умумий майдони 194 248 квадрат метр, баландлиги эса 70 метрни ташкил этади. Қурилишнинг смета қиймати 386 миллион долларни ташкил этади.

Бу шунчаки футбол аренаси эмас. Ички қисмида майдони қарийб 36 минг квадрат метр бўлган савдо маркази, дўконлар, супермаркет, ресторан ва қаҳвахоналар, кинозал, спорт зали ҳамда бошқа тижорат хоналари жойлашган.

31 август куни “Бишкек Арена” VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг очилиш маросимини қабул қилди. Шу билан бирга, стадионнинг ўзини расмий очилиш маросими 5 октябрга белгиланган.

Янги Тошкент: 100 миллион долларга 55 минг ўрин

Ўзбекистонда энг йирик янги футбол аренаси қурилмоқда. Янги Тошкентдаги стадион 55 минг томошабинга мўлжалланади. Унинг қурилиши 2025 йилнинг ноябрь ойида бошланган бўлиб, 2026 йилнинг июль ойи охирига келиб ишларнинг 65 фоизи бажариб бўлинган. Олти қаватли мажмуа FIFA талаблари асосида барпо этилмоқда. Арена ёнида учта машғулот майдони, 5,5 мингта автомобиль учун тураржой ва метро бекати кўзда тутилган.

Бундай йирик аренанинг барпо этилишига асосий сабаб – 2027 йилда Ўзбекистон ва Озарбайжон мезбонлик қиладиган 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионати (U-20) ҳисобланади. Янги Тошкентда турнирнинг ярим финал ва финал ўйинларини ўтказиш режалаштирилган. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев тамал тошини қўйиш чоғида лойиҳа қиймати 100 миллион долларни ташкил этишини маълум қилган эди.

Олмаота: 45 минг томошабинга мўлжалланган стадион

Олмаотада 45 минг томошабинга мўлжалланган халқаро даражадаги янги футбол аренаси қурилмоқда. Стадион Қулжа ва Толғар трактлари оралиғида қад ростламоқда. Лойиҳа учун қарийб 32 гектар ер майдони ажратилган. Арена UEFA’нинг тўртинчи категорияси талабларига жавоб бериши керак, бу эса у ерда юқори даражадаги халқаро футбол ўйинларини ўтказиш имконини беради.

Лойиҳа таркибига, шунингдек, машғулот майдончалари, жамоалар ва спортчилар учун хоналар, мухлислар ҳудуди ва ёндош транспорт инфратузилмасини ривожлантириш киради. Қурилишни 2028 йилнинг март ойида якунлаш режалаштирилган.

Чимкент: арена сиғимини 60 минг ўринга етказишга қарор қилинди

Кўриб чиқилаётган лойиҳалар орасида энг сиғимдори Чимкентда пайдо бўлиши мумкин. Дастлаб янги стадион 35 минг томошабинга мўлжаллаб режалаштирилган эди, бироқ сентябрь ойида ҳокимият органлари лойиҳа қайта кўриб чиқилганини маълум қилди. Эндиликда унинг сиғимини 60 минг ўрингача ошириш назарда тутилмоқда. Агар янгиланган лойиҳа амалга оширилса, ушбу стадион минтақадаги янги ареналар тўлқини орасида энг сиғимдорига айланади.

Шу билан бирга, тенденция жуда аниқ: минтақадаги янги стадионлар тобора нафақат футбол ўйинлари ўтказиладиган маскан, балки йил бўйи фойдаланиш мумкин бўлган спорт-машғулот, транспорт, тижорат ва кўнгилочар инфратузилма билан яхлит мажмуа сифатида лойиҳалаштирилмоқда.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг