Тошкентдаги уйдан жасади топилган 5 талабанинг ўлими айбдорига ҳукм ўқилди
Жамият
−
23 Сентябрь 2021
48435Жорий йилнинг февраль ойи охирида Тошкентдаги олий таълим муассасасида таҳсил оладиган беш нафар талабанинг мурдаси улар ижарада турадиган уйдан топилгани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида уй эгасига нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.
Терговда аниқланган маълумотларга кўра, судланувчи аёл олти нафар талаба билан қонуний ижара шартномаси тузмай, ўзининг яшаш уйининг қўшимча қисмини одам ҳаёти учун хавфли ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаганига қарамай, уларга ижарада вақтинча яшаши учун ажратади.
Шу куни “Ҳудудгаз пойтахт” МЧЖнинг туман филиали ходимлари ижара уйининг биринчи хонаси ертўласида техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмасдан ишлатиб келинаётган табиий газ орқали ишлайдиган иситиш печини текширишади. Газ ускуналарини таъмирлаш ҳамда авария ҳолатини бартараф этиш юзасидан тузилган буюртма ҳужжатларига асосан оғзаки равишда ертўладаги иситиш печининг ўрнатилган жойи техника хавфсизлиги қоидаларига зид экани баён этилади. Қолаверса, иситиш печининг дудбўрони носозлиги: тортмаётгани, чиригани сабабли қайта уланмаслиги, агарда газ тармоғига уланмоқчи бўлса фақатгина газ идорасининг масъул ходими томонидан дудбўрон созлиги текширилгандан сўнггина газни иситиш печига ёқиши шартлиги ҳақида огоҳлантирилади. Шунга қарамай, уй эгаси ижарада яшовчи талабаларга гўёки газ идораси ходими билан телефон орқали гаплашиб, ундан оғзаки равишда рухсат олганлигини билдиради. Уй эгаси мазкур ҳаракати “Табиий газдан фойдаланиш қоидалари” билан тақиқланганини билиши шарт бўлса ҳам, бепарволик қилиб, газ ускуналари ва дудбўронни созлаш учун ҳеч қандай билимга ва ҳужжатга эга бўлмаган ижарачиларга иситиш печи ёниши натижасида ёнган газ ҳиди чиқадиган дудбўронни созлаб олишлари учун рухсат берган.
Шунга кўра, ижарачилар ўзлари билганича ушбу уйни иситиш вазифасини бажарувчи ертўлада жойлашган печ дудбўронининг қувурларини тўлиқ тозаламай, кўча деворига ўрнатилган дудбўроннинг фақатгина юқори қисмидаги қувурини алмаштириш йўли билан созлаб, уй эгасининг кўрсатмасига мувофиқ иситиш печига газни ёқиб, хоналарини иситиб, ишлатиб келишган.
Уй эгасининг Вазирлар Маҳкамасининг “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 22-сонли Қарори билан тасдиқланган 2-иловаси, 139-қисмининг бир қанча бандлари қоидаларини менсимаганлиги оқибатида ижарада яшовчи 5 нафар ижарачининг жасади номаълум этиологик моддадан захарланиш ташхиси билан топилган.
Республика Суд тиббиёт экспертизаси Тошкент шаҳар Морфология бўлимининг хулосасига кўра, ижарачиларнинг ўлимига ис газидан захарланиш натижасида ўткир нафас ва юрак, қон-томир етишмовчилиги сабаб бўлгани аниқланган. Уларнинг қонида токсик концентрацияси турли фоизларда бўлган корбокси-гемоглабин моддаси топилган.
Бундан ташқари, Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказининг 2021 йил 23 апрелдаги комплекс экспертиза хулосасига кўра, уйнинг хоналарида ўрнатилган газ ускунаси ва жиҳозлари техник ва меъёрий қоида талабларига асосан ўрнатилмагани, амалдаги талабларга жавоб бермаслиги, газ ускунаси ва жиҳозлари ўрнатиш техник талабларига жавоб бермаслиги, газ ускунаси ва жиҳозларининг дудбўронлари ёниш маҳсулотларини чиқиш йўналишлари тўғри ўрнатилмагани, амалдаги талабларга жавоб бермаслиги аниқланган.
Судланувчи судда айбига иқрор эмаслигини билдирган.
“Ушбу уй опамнинг номида. Уйнинг асосий яшаш қисми 4 хонадан иборат. Уйга кириш дарвозасининг ўнг қисмида 3 та хонадан иборат бўлган қўшимча қисми мавжуд. Бир-икки нафар талаба йигитлар мендан уйни ижарага беришимни сўрашди. Уларга уй таъмирталаб аҳволдалигини айтиб, рад қилдим. Орадан вақт ўтиб, икки нафар нотаниш йигитлар “маклер” номидан келишганини айтишди. Уларга уйни таъмирлатишим кераклиги сабабли ижарага одам қўймаслигимни айтдим. Улар “кейинчалик таъмирлаб берсангиз ҳам бўлади”, дея Андижон вилоятидан ўзлари билан кўрпа-тўшакларини ҳам олиб келганликларини айтишди. Уйга киритишни илтимос қилишди, уларга раҳмим келиб, киритдим.
Шу куннинг ўзида 1004 рақами орқали газ тармоқлари ходимларига қўнғироқ қилиб, уйнинг ушбу қисмида иситиш печи (котёл) паст ёнаётгани ҳақида хабар бердим. Орадан бироз вақт ўтиб, икки нафар ўзини газ идораси ходими деб таништирган эркак киши хизмат кийимида келишди. Уларга ижарачилар яшайдиган уйнинг биринчи хонаси ертўласида жойлашган газ орқали ишловчи иситиш печини текшириб беришларини сўрадим. Чунки ертўладаги иситиш печидан газ чиқаётганди. Ходимлардан бири ертўлага тушиб, иситиш печини текширди ва унга газ юбориладиган қувурнинг жўмрагини синдириб қўйди. Сўнг ушбу хонанинг газ қувури жўмрагини бураб, газни ўчириб кетишди. “Сваркачи” келиб жўмракни тузатиб кетди. Яна 1004 рақамига қўнғироқ қилдим. Шу куннинг ўзида бошқа икки нафар газ ходими келди. АГВ ва газ қувурларини кўздан кечириб, ишлатиб кетмоқчи бўлди, лекин улар хизмат ҳақи сўрагандай бўлишди. Уларга хурмо узатганимда, жахл қилиб, газ ускунасини ўчириб, дудбўронни тузатишни ва “азбец” трубага алмаштиришни айтиб кетишди. Шунда ижарачилар дудбўронни ўзлари созлаб олишларини айтишгани учун рухсат бердим. Дудбўронни “азбец” трубага алмаштиришга ўша вақтда имкониятим бўлмаган. Йигитлар дудбўроннинг бош қисмини алмаштириб созлашган, сўнг ёқиб беришлари учун яна туман газга қўнғироқ қилдим. У ерда кимдир телефон орқали устимдан кулиб, ёқиб олаверишимизни айтди. Шунинг учун йигитларга газ ва иситиш “котёл”ини ёқиб ишлатишга рухсат берилганини айтдим. Улар иситиш тизимини ишлата бошлашди. Газчилар келганида ҳеч қандай хужжат тўлдиришмаган. Оғзаки гапириб, тизимни ўчириб кетишган”, деган уй эгаси.
Суд ҳукми билан судланувчи – уй эгаси Жиноят кодексининг 102-моддаси 2-қисми билан айбдор, деб топилди ва унга шу модда билан 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Манфаатдор томонларга етказилган моддий ва маънавий зарар бўйича фуқаролик иш юритуви тартибида фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканликлари тушунтирилган.