Тошкентдаги уйда ётоқда сигарет чекиш оқибатида ёнғин чиқди. Бир киши ҳалок бўлди
3-саҳифа
−
31 Октябрь
4063Тошкент шаҳрида эркак ётоқ жойида тамаки маҳсулотини чекиши оқибатида ёнғин содир бўлди ва бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар берди.
Бугун, 31 октябрь куни соат 02:13 да Тошкент шаҳар Олмазор тумани “Чинобод” МФЙ Сағбон 30-берк кўчасида жойлашган 5-уйдаги хонадонларнинг бирида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида Тошкент шаҳар ФВБга хабар келиб тушган.
Шунга кўра ёнғин-қутқарув экипажлари зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, ёнғин қисқа вақт ичида бартараф этилган.
Ёнғин оқибатида хонадоннинг тахминан 10 кв метр майдонда ички қисми ёниб зарарлангани ва хонадонда яшовчи 1950 йилда туғилган фуқаро ҳалок бўлгани аниқланган.
Оила аъзоларининг сўзларига кўра, 1950 йилда туғилган фуқаро инсульт касаллигига учрагани ва шу сабабли ҳаракатлана олмагани учун охирги йиллари оила аъзолари назоратида ётоқ ҳолатида бўлган.
Бирламчи маълумотларга кўра, ёнғин оқибатида ҳалок бўлган фуқаро, ётоқ жойида тамаки маҳсулотини чекиш оқибатида ёнғин содир бўлгани тахмин қилинмоқда.
Ҳозирги вақтда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдорини аниқлаш бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 29 октябрь куни Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманидаги савдо дўконларидан бирида катта ёнғин содир бўлганди. Ёнғин оқибатида савдо дўконининг шифт, том қисми ва кийим-кечак маҳсулотлари ёниб зарарланган.