Тошкентдаги сомса ва ош марказидан 128 кг эшак гўшти топилгани ростми?
Жамият
−
02 Июнь 2023
50537Ижтимоий тармоқларда Яккасарой туманида жойлашган сомса ва ош марказида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган рейд жараёнида 128 кг эшак гўшти сақланаётгани фош қилинганлиги ҳақида хабар тарқалди. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Матбуот хизмати мазкур хабарларни рад этиб, ҳақиқатга мос келмаслигини билдирди.
Айтилишича, мазкур ҳолат юзасидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан айнан хабарда таъкидланган рейд тадбири ўтказилмаган ва ходимлар томонидан сомсахоналардан бирида эшак гўшти сақланаётгани аниқланди, деган хабарлар ҳеч қандай асосга эга эмас.
Шунингдек, қўмита аниқлик киритишича, гўшт маҳсулотларининг сифатини ўрганиш ва сотувга чиқаришга рухсат бериш Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг эмас, балки Ветеринария-санитария экспертиза лабораторияси ваколатига киради.
Гўшт маҳсулотларининг сифатига Ветеринария-санитария экспертиза лабораториясини жавобгар дея айтаётган Қўмита қайси маълумотларга таяниб, юқоридаги хабарни асоссиз деганига аниқлик киритмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентга олиб кетилаётган истеъмолга яроқсиз қорамол гўшти Сирдарёдаги Йўл-патрул хизмати ходимлари томонидан тўхтатиб қолинган эди. Шунингдек, Бухоро вилоятидан 1 тонна истеъмолга яроқсиз гўштларни Тошкентга олиб келаётган шахс қўлга олинганди.
LiveБарчаси