Тошкентдаги мактабларда кечаси дарахтлар кесиб кетилдими?
Жамият
−
02 Июль
3950Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги 42- ҳамда Яккасарой туманидаги 48-сонли умумтаълим мактаблари ҳудудида кечаси махсус техника билан ишчилар дарахтларни кесаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди.
Қайд этилишича, айни пайтда таълим муассасалари ҳудудида қўшимча ўқув бинолари барпо этилмоқда. Шу муносабат билан, Тошкент шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасидан тақдим этилган хулосага кўра, Шайхонтоҳур туманидаги 42-мактаб ҳудудидаги 38 туп дарахт, 28-мактаб ҳудудида 47 туп дарахт кесилмасдан ва ҳеч қандай зарар етказилмасдан бошқа жойга кўчирилаётган бўлган.
“Ижтимоий тармоқларда мактаб ҳудудидаги дарахтлар кесиб ташланди, деган ҳар хил гап-сўзлар асоссиз. Аслида дарахтлар таг қисмидан кесилмайди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги 464-сонли Қарорига асосан барча агротехник қоидаларга риоя қилган ҳолатда дарахтлар бошқа жойга кўчирилади. Афсуски, бу ҳолат ижтимоий тармоқ фаоллари томонидан нотўғри талқин қилинаётганлигини маълум қиламиз”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ собиқ Давлат хавфсизлик хизмати биноси ўрнида меҳмонхона қурилаётгани ва қурилиш майдонида кўп йиллик дарахтлар кесилиб, ўралган ҳолда олиб чиқиб кетилаётганлиги ҳақида хабар берилганди. Шундан сўнг, Тошкент шаҳар Экология бошқармаси вазиятга аниқлик киритиб, 26 та эман дарахти белгиланган тартибда бошқа ҳудудга кўчириб ўтқазилаётганини маълум қилган. Аммо бироздан сўнг, мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда. Бош прокуратура жиноят ишини алоҳида назоратга олганини маълум қилган.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15