Тошкентдаги “дом”да ичида одамлари бўлган лифт пастга тушиб кетди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги кўп қаватли уйнинг лифти ичидаги одамлари билан пастга тушиб кетгани тўғрисидаги видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги муносабат билдирди. 

Маълум қилинишича, воқеа Яшнобод тумани Нормуҳаммедов даҳаси 12-уйнинг лифтида кузатилган. Ушбу ҳолат вазирликнинг масъул ходимлари томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганилган. Таъкидланишича, лифтнинг тўхташ қаватига келганда секинлаштириш функциясини амалга оширувчи датчик носозлиги туфайли ўз вақтида керакли сигнал етиб бормаган. Шу боис лифтнинг ҳимоя фукцияси ишлаб, 2- ва 3-қаватлар оралиғида ҳаракатланишдан тўхтаган.

Кўп қаватли уйга хизмат кўрсатувчи “Eko hudud” ва лифтларнинг эксплуатациясини шартнома асосида амалга ошириб келаётган “Xavfsiz lift” ташкилотининг 24/7 диспетчерлик хизматига келиб тушган мурожаат тезкорлик билан бартараф этилган. Воқеа жойига лифтга хизмат кўрсатувчи ташкилот вакиллари етиб келиб, аҳолини 4-5 дақиқа ичида чиқариб олишга муваффақ бўлган.

Вазирлик вакиллари муаммони келтириб чиқараётган сабабларни туб моҳиятига етиш мақсадида Яшнобод тумани ҳокими, Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси вакиллари ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳолатни муҳокама қилган.

“Бунда тизимни рақамлаштириш, кузатув механизмини янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, масъулларга лифт кабиналарида алоқа каналларини яхшилаш юзасидан аниқ топшириқлар белгиланиб, мазкур ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалага ошириш лозимлиги таъкидланди”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ҳозирда лифт қурилмаси соз ҳолатга келтирилган.

Эслатиб ўтамиз, 3 февраль куни Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида жойлашган савдо мажмуасида фаррош аёл лифт тошлари қисиб қолиши оқибатида вафот этганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент лифт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг